«Уч марта енгдим, тўртинчисида ҳам таслим бўлмайман»

Саратон билан курашаётган Дилдора Мавлонова ҳикояси

Унга биринчи марта тил саратони ташхиси қўйилганида 32 ёшда эди. Кейинроқ унда ўпка ва кўкрак бези саратонлари, шунингдек, оққон ҳам борлиги аниқланган. Хасталиклар билан кураш айни авжига чиққан маҳал у оилавий ва моддий қийинчиликлар билан ҳам синалган. Аммо у фарзандлари учун ҳам оёққа туришга куч топа билган. «Ирода» лойиҳасининг Бутунжаҳон саратонга қарши кураш кунига бағишланган мақоласи қаҳрамони — Экопартиянинг Миробод туман ташкилоти раиси Дилдора Мавлонова.
Унга биринчи марта тил саратони ташхиси қўйилганида 32 ёш эди. Кейинроқ унда ўпка ва кўкрак бези саратонлари, шунингдек, оққон ҳам борлиги аниқланган. Хасталиклар билан кураш айни авжига чиққан маҳал у оилавий ва моддий қийинчиликлар билан ҳам синалган. Аммо у фарзандлари учун ҳам оёққа туришга куч топа билган. «Ирода» лойиҳасининг Бутунжаҳон саратонга қарши кураш кунига бағишланган мақоласи қаҳрамони — Экопартиянинг Миробод туман ташкилоти раиси Дилдора Мавлонова.
«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
«Сизда саратон бор». Бу гапни биринчи марта эшитганида Дилдора опани совуқ тер босган. Хиёл очиқ дераза ортидаги шитирлаётган тилларанг япроқлару, улар орасидан, худдики: «Нима гап ўзи, тинчликми?», дея мўралаб турган қуёш ҳам бирдан шифохона деворларидек рангсизлашиб, кўз олди қоронғилашган. Шифокорнинг қолган гаплари қулоғига кирмаган — эслолмайди. Ўша лаҳзадан эсида қолгани — ўлимдан эмас, балки: «Менга бирор кор-ҳол бўлса, болаларим нима қилади?», деган ўйдан қаттиқ қўрққани.
Шифохона
Онкологик диспансер — бир вақтнинг ўзи ҳам умидлар қабристони, ҳам туғуруқхонаси. У ерда соғайиб кетишга илинж пайдо бўлиши ҳам ёки бутунлай сўниши ҳам мумкин. Қайсиниси бўлиши касалликнинг қайси босқичда экани, метастаз даражаси ва қанчалик эрта даво чоралари кўрила бошлаганига боғлиқ — асли назарбеклик Дилдора опа буни салкам 22 йиллик «касаллик тарихи»дан яхши билади.
реклама
реклама
Беморларнинг каттаю кичигини — кекса, аммо ҳаётга ташна; эндигина 18 баҳорни кўргану, аммо аллақачон яшаб кетишга бўлган ишончини йўқотган; пули йўқлиги учун боласини сақлаб қола олмаган ёки, аксинча, беҳисоб молу давлати билан ҳам умрини узайтира олмаганларни кўрган Дилдора Мавлонова ҳар 21 кунда бу ерда кимётерапия олади.
Бугун табассум билан кимётерапия олган киши эртасигаёқ сўлиб қолиши, иштаҳаси бўғилиб, ҳолсизланиши мумкин. Қош ва сочлар тўкилиб кетади — икки ҳафтадан кейин кўришсак, сиз менда соч кўрмайсиз. Тўғри, инсоннинг, айниқса аёлларнинг ҳусни шу билан. Лекин сочу қош бўлсаю, аммо танани саратон эгаллаб бораверса, бу ҳусндан нима наф?
Серсоя дарахтлар билан ўралган, бешинчи қаватидан Тошкент кафтдек кўринадиган Тахтапулдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, ҳар қандай касалхона каби, ўтмишни тафтиш қилиш ва келажак ҳақида мулоҳаза юритиш учун етарлича вақт топиладиган жой. Дилдора опа ҳам бу ерга келган вақти кўпроқ болалиги ва болалари ҳақида ўйлайди.

Ўқувчилик вақти камондан ўқ отиш билан шуғуллангани, дзюдодан қора белбоғ олганини эслаб бир фахрланса, «бўйи етган қизга бу ишлар ярашмайди» деган гап-сўзларга кириб спортни ташлагани учун ўзини хаёлан койийди. Ким билсин, спортчилик йўлидан қайтмаганида, ўз даврининг Диёра Келдиёроваси бўлармиди, балки.
Оилавий ғазалхонликлар, таълим олиш ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳозирлаб берилган шароит — бахтли болалиги учун Дилдора опа ота-онасидан миннатдор. Катта лавозимларда ишлаган отасининг: «Бировга паст назар билан қарама — лавозим билан тобутнинг эгаси йўқ», деган гапларини унутмасликка ҳаракат қилади.

Баъзида хотираларга шунчалик берилиб, осма уколнинг бир зумда тугаб қолганини билмай қолади ва буни умрнинг ҳаш-паш дегунча ўтиб кетишига ўхшатади.
Дилдора опа вақтнинг бешафқатлигини биринчи марта 27 ёшида — онаси вафот этганида англаган. Ўшанда ҳаётининг мазмунини бўлган инсонни олиб кетган хасталик бир кун келиб унинг ўзида ҳам пайдо бўлишини у хаёлига ҳам келтирмаган эди.

«1996 йили онамга бачадон саратони ташхиси қўйилган. У ҳам худди шу, мен ҳозир ётган диспансерда даволанган. Кўргани келганимда „шу ёққа келмай қўя қол, бировни бу ерга келгулик қилмасин“, дея бот-бот такрорлаган волидам орадан бир ярим йил ўтиб, 57 ёшида ҳаётдан кўз юмган», — деб эслайди Дилдора Мавлонова.
Биринчи саратон
Дунёда ҳар йили тахминан 20 млн, Ўзбекистонда эса 20 мингдан зиёд одамда қайд этиладиган саратоннинг ген суриши масаласи ўрганилган, аммо буни саратонга олиб келувчи ягона сабаб, деб бўлмайди. Тамаки ва алкоголь истеъмоли, ортиқча вазн ва ҳавонинг ифлосланиши, шунингдек, сурункали стресс ҳам саломатликдаги салбий ўзгаришлар (иммунитетнинг сусайиши), хусусан, ўсимта пайдо бўлиши ва саратоннинг ривожланишига олиб келиши мумкин.
Филология йўналишида олий таълим олиб, 23 ёшида оила қурган Дилдора опа ҳам ўзида касалликнинг тўсатдан пайдо бўлишини кўпроқ кетма-кет келган ташвишлар — онасидан эрта айрилгани, ўша кезлар уйи тунаб кетилганидан кейинги қаттиқ сиқилишлар билан боғлайди. Уни саратоннинг илк симптомлари, хусусан, тилидаги шиш безовта қила бошлаганида ўзи энди 32 га кирган, кенжа ўғли эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган эди.
Аксарият ўзбек аёллари сингари мен ҳам соғлигимга бепарволик қилиб, аҳволимни чарчоқ ва уйқусизликка йўйдим; ўтиб кетади, деб юравердим. Оғриқ кучайиб, шиш зўрайганидан кейингина стоматологга бордим. Яхшилаб текширувдан ўтказган шифокор шишнинг стоматологияга алоқаси йўқлигини айтиб, онкологга кўринишни тавсия қилди.
Таҳлил натижалари суҳбатдошимизда саратоннинг кам учрайдиган
турларидан бири — тил раки борлигини кўрсатади. Ўсимта бошқа аъзоларга метастаз бермаслиги учун у 2002 ва 2005 йилларда жарроҳлик амалиётларини бошдан кечиришга мажбур бўлади.

Туркиялик шифокорлар бундай операцияларни юзни кесмай амалга ошириш имконсизлигини айтиб аёлнинг юрагига ғулғула солганида, тошкентлик онколог Ёдгор Расулович «ҳуснни бузмай» ҳам операция қилиш мумкинлигини, аммо бу жараён ўта мураккаблигини тушунтиради. Масала шундаки, нафақат чайнаш, ютиниш ва таъм билиш, балки нутқ товушларининг шаклланишида ҳам иштирок этувчи тилга тиғ теккач, гапириш қобилияти ҳам йўқолиб қолиши мумкин.
Болаларим кўз олдимга келиб, ўйлаб ҳам ўтирмай рози бўлдим. Амалиётдан аввал палатада икки ракат намоз ўқиб, Яратгандан умримни қайтариб беришини илтижо қилиб сўраганман. Буёғига қўлимдан келганича яхшилик қиламан, деб ваъда берганман.
Жараён шифокор огоҳлантирганича — қийин кечади. 7,5 соат давом этган операция давомида тилнинг чап илдизи олиб ташланади, 100 дан ортиқ чок тушади.

«Бир ярим йилча гапирмадим, бирор нимани тушунтириш учун ёзиб-ўчириладиган доскадан фойдаланaрдим. Етти ой томоғимдаги қувурча орқали озиқландим. Оғиз бўшлиғи ҳамиша нам бўлгани учун тилдаги яранинг битиши қийин кечди. Гапиришни худди энди тили чиққан болалардек қайта ўргандим, фонетик машқлар бажариб, логопед билан ишладим. Ҳозиргидек тушунарли гапирадиган бўлгунимча кўп қийналдим, камситишларга учрадим. Гапиришимни эшитиб: „Оғзида носи борми?“, дея мазах қилганлар ҳам бўлган», — деб эслайди Дилдора опа.
Энг кучли оғриқ
Операцияю муолажалардан Дилдора опанинг аъзою-бадани қақшаб оғрийди. Лекин бу оғриқлар тўрт мучаси соғлигида ҳаётини боғлаган инсони, фарзандларининг отаси берган зарба олдида ҳеч нима бўлмай қолган.
Хиёнатнинг ҳар турини кўрдим. Аммо энг оғири — ёшлигимни берганим, бир ёстиққа бош қўйганим турмуш ўртоғим бошимга дард тушиши билан мендан воз кечгани бўлди. Унинг: „Соғлом эркакман, менга соғлом аёл керак“, деган гапидан кейин тезроқ тузалишим кераклигини тушуниб етдим — болаларимни бундай инсонга ташлаб кетишга ҳақим йўқ эди.
реклама
реклама
Лекин унга осон бўлмайди. Устига-устак, 2012 йили ўпка саратони, 2018 йили кўкрак бези саратони, 2021 йили эса оққон ташхиси қўйилади. Дори-дармонлар қимматлиги учун уйини сотиб, маълум муддат ижарада ҳам яшашга мажбур бўлади. Болаларини боқиш учун кўчада фаррошлик қилишдан тортиб интерьер дизайнерлигигача бўлган ишларни бажаради.

«Ҳеч кимга сездирмай, барвақт туриб, кўча супуришга бориб-келардим. Топган пулимга тухум олиб келиб, нонушта тайёрлардим. Ўша пайт жуда меъдасига теккан шекилли, иккинчи ўғлим ҳозир ҳам тухум еёлмайди», — дейди Дилдора опа.
Меҳнат
Дилдора Мавлонова 2022 йилгача номини айтишни истамаган бир нодавлат нотижорат ташкилотга беш йил давомида раҳбарлик қилган. Аммо ташкилотга раҳбар бўлиб келган шахс уни ҳамманинг олдида: «Соғлом одам ишлаши керак!», деб камситганидан кейин, у ташкилотни тарк этган.
ННТдаги иши билан бир вақтда Тошкент шаҳар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорлик қилган. Бу вақтда у қўлида ҳунари бор, лекин оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир методика тайёрлаган. Унинг ғояси Президент администрацияси вакилларига маъқул келган, кўп ўтмай, 2020 йил 18 мартда бўлган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган, аммо моддий жиҳатдан қийналаётган хотин-қизларга субсидиялар, грант маблағлари ажратишни назарда тутувчи бу методикани «Чилонзор тажрибаси» сифатида бутун Ўзбекистонга ёйиш зарурлиги таъкидланган.
Ижтимоий аҳволи танг, аммо қўли гул хотин-қизларга ёрдам беришдан ҳамиша мамнун Дилдора опа бугунги кунда ўз тикув цехини очиб ёки қандолатчилик бизнесини йўлга қўйиб, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётган хотин-қизларнинг ютуғидан худди ўзиникидек қувонади. Айни пайтда Ўзбекистон Экологик партиясининг Миробод туман ташкилоти раиси сифатида меҳнат қилмоқда.
Севган иши билан машғул Дилдора опани саратон ҳали буткул тарк этган эмас — кўкрак бези саратони қайта қўзғаган. Лекин опанинг таслим бўлиш нияти йўқ.

«Мен бу касалликдан кучлироқман. Бу ҳаётга бир касалликка енгилиш учун келмаганман ахир! Ҳали невараларимни кўришим, уларнинг „бувижон!“ дейишларини эшитишим керак — ҳаётдаги энг катта мотивациям шу», — деб хулоса қилди иродали қаҳрамонимиз Дилдора Мавлонова.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг