2023 йил 27 мартда Ўзбекистон қонунчилигига тиббиёт ходимларининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки уларга ҳар қандай шаклда ноқонуний таъсир кўрсатганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартишлар киритилганидан буён судлар томонидан 87 нафар шахсга жарима солиш ёки қамоққа олиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

2023 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 197−7-моддаси билан 62 нафар шахс айбдор деб топилиб, улардан 40 нафари жаримага тортилган, 22 нафар мансабдор шахсга эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

2024 йилнинг биринчи чорагида 25 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Жумладан, 14 нафарига жарима, 11 нафарига қамоқ жазоси қўлланган.

Ушбу моддада назарда тутилган жазо фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга — 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишни назарда тутади.

Маълумот

Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг яқинлари тиббиёт ходимларига ҳужум қилгани ҳақидаги хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлмоқда. Тез ёрдам бригадалари, шу жумладан, ҳайдовчилар, айниқса, хавф остида. Ўзгартиришдан кўзланган мақсад тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг касбий фаолиятига аралашишнинг олдини олиш ҳамда шифокор касбининг мавқеи ва нуфузини оширишдан иборат эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йилда шифокорларга қилинган тажовузлар учун жиноий жавобгарлик белгилашни таклиф қилган эди. ССВ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа фуқароларнинг шифокорларга тажовузларини оғирлаштирувчи ҳолатлар билан безорилик деб таснифлашни назарда тутган эди. Ушбу модданинг энг юқори жазоси 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.

«Мавжуд жиноий қонунчиликда тиббиёт ходимларига ҳужум қилиш ва уларга тан жароҳати етказиш учун нисбатан енгил жазолар назарда тутилган», — деганди ўшанда ССВ юридик бошқармаси бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. Баъзида тиббиёт ходимларини тузатиб бўлмас даражада жароҳатлаганлар ҳам жазосиз қолишган, деган у.