Ўрта вазн тоифасида WBA чемпиони ўзбекистонлик Исроил Мадримов (10−0−1 7 KO) 4 август куни Лос-Анжелесда вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири бўлган Теренс Кроуфордга (40−0 31 KO) қарши чемпионлик унвонини ҳимоя қилади.

Жангда ўрта вазн тоифасида (69,9 килограммгача) WBO вақтинчалик чемпионлиги масаласи ҳам ҳал бўлади.

бокс, исроил мадримов, теренс кроуфорд

29 ёшли Исроил Мадримов 2018 йилда профессионал дебютини ўтказган ва март ойида россиялик Магомед Қурбоновни 5-раундда муддатидан олдин мағлубиятга учратиб, вакант чемпионликни қўлга киритган эди.

36 ёшли америкалик Теренс Кроуфорд енгил вазн тоифасида (61,2 килограммгача) собиқ чемпион, шунингдек, биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (63,5 килограммгача) мутлақ чемпион ҳисобланади.

2023 йилнинг 30 июлида Кроуфорд ҳамюрти Эррол Спенсни тўққизинчи раундда муддатидан аввал мағлубиятга учратган ва ярим ўрта вазндаги (66,7 килограммгача) барча тўртта титулни қўлга киритиб, мутлақ чемпион бўлганди. Умумий ҳисобда америкалик боксчида 40 та ғалаба (31 та нокаут билан) бор, бирорта ҳам мағлубият йўқ.

«Теренс Кроуфорд pound-for-pound (вазн тоифасидан қатъи назар энг яхши) етакчиси бўлиб, менинг энг севимли жангчим ҳисобланади… Профессионал боксда дебют қилганимда номдор рақибим бўлишини хоҳлардим. Мана шу лаҳза ҳам келди… Менга унинг услуби ёқади. Уни қаттиқ ҳурмат қиламан, лекин 3 август куни мен тайёр бўламан. Ҳеч шубҳасиз. Жанг қилишимизни билганимдаёқ хурсанд бўлдим. Лекин мен Эррол Спенс эмасман. Мен Исроил Мадримовман, бу менинг дивизионим», — деди ўзбекистонлик.

Нигоҳлар жанги