Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Газета.uz»нинг вилоят ҳокимликлари етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўллаб-қувватловчи «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан гибрид ва электромобиллар харид қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги материалига муносабат билдирди.

Мақоламиздан сўнг Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари давлат харидлари лотларидаги маълумотлар нотўғри кўрсатилганини айтиб, бунга порталдаги нуқсон сабаб бўлган, деган фикрни билдирганди.

Ҳукумат қарорига асосан ташкил этилган «Меҳр дафтари» жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда унинг маблағлари ҳудудий ҳокимликларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклида очилган ҳисобварақларда жамланади, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Вазирлик масъул бўлган Xarid.mf.uz давлат харидлари портали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинган бўлиб, дастурий мажмуада барча маълумотлар буюртмачиларнинг СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами) орқали шакллантирилади.

«Жамғармалар ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилгани сабабли ушбу жамғармалар мазкур ҳокимликларнинг СТИР рақамларига боғлангани маълум бўлди. Шунга кўра, жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатларда назарда тутилган шартномалар ҳам „Меҳр дафтари“ жамғармаси маблағлари ҳисобидан эмас, балки ҳокимликларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан тузилган», — дейилади хабарда.