Франциянинг Axens компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилишга ёрдам беради, деб хабар қилмоқда БНҚИЗга эгалик қилувчи «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Йил бошида Ўзбекистон президенти бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 бензинидан бутунлай воз кечиш масаласини ҳал этиш бўйича топшириқ берганди.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш натижасида 60 фоиз ва 40 фоиз ҳажмдаги юқори октанли Аи-92 ва Аи-95 бензинларини мос равишда ишлаб чиқариш назарда тутилган. Йилига 1 миллион тоннадан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқариладиган барча бензин (дастлаб 1,2 миллион тонна режалаштирилган) Евро-5 экологик синфига мос келади, бу эса Евро-2 синфидаги Аи-80 ишлаб чиқаришдан воз кечишга имкон беради, дейилади ҳисоботда.

2024−2025 йилларда лойиҳалаштириш ва Fast-track режимида қуриш режалаштирилмоқда.

Axens йилига 360 минг тонна нафта гидро тозалаш ўрнатмаси, 380 минг тонна изомеризация ўрнатмаси ва 60 минг тонна пиролиз дистиллатини танлаб гидрогенлаш ўрнатмасини ўз ичига олган технологик ўрнатмаларни лойиҳалаштиради.

Параллель рваишда лойиҳалаштириш учун француз компанияси билан Axens технологияларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномаси, шу жумладан, ходимларни ўқитиш ва лойиҳа ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди, бу тахминан 5,5 ой давом этади.

Лойиҳанинг потенциал бош пудратчиси China National Petroleum Corporation бўлиб, икки йил ичида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилади. Ўзбекистон, шунингдек, CNPC корпорациясини ерости газ сақлаш сиғимларини барпо этишга жалб қилиши мумкин.

2019 йилда 553 миллион долларлик заводни уч босқичли модернизация қилиш бошланган. Жанубий Кореянинг SK Engineering компанияси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа 2025 йил охиригача йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш ва 1,2 миллион тонна Евро-5 бензини, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёнилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қувватига етишни назарда тутади.

Axens аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» билан бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик қилган. Масалан, 2020 йилда Франция компанияси технологияси туфайли Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Евро-4 ва Евро-5 стандартидаги дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.