Сент-Луис (Миссури штати, АҚШ) университети клиникасининг ортопедик жарроҳлик бўлими мудири Жўлдас Муродович Қулжановнинг исми бутун дунёга маълуму машҳур. Уни бир неча бор АҚШнинг энг яхши шифокори дея тан олишган. У маҳорат дарслари ва операциялар ўтказиш учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга мунтазам сафар қилади.

Жўлдас Қулжанов Қорақалпоғистонда туғилган. 1966 йили вайронкор зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун кўнгилли равишда Тошкентга келган. Пойтахтда бир ярим йилдан сўнг у дўстлари билан ўқишга Москвага кетмоқчи бўлади, аммо Самарқандга келгач, шу ердаги тиббиёт институтига ҳужжат топширади. Ўқишни тамомлагач, тез ёрдам ва травматология бўлимларида ишлайди, уни Никарагуага ҳарбий шифокор сифатида юборилади. 1990 йиллар бошида эса у АҚШдан таклиф олади.

«Газета.uz» Жўлдас Қулжановдан Тошкентни зилзиладан сўнг қайта тиклаш жараёни билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашишни сўради.

Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.

Мен ўшанда 18 ёшли йигит эдим, Нукусда ўқирдим. 1966 йил 26 апрелда Тошкентда кучли зилзила бўлди, бу воқеадан ҳамма даҳшатга тушди. Мен дўстим билан бирга Тошкентга бориб, одамларга ёрдам беришга қарор қилдик. Биз комсомол ташкилотига бориб, бизни пойтахтга юборишни сўрадик.

3 июль куни Тошкентга етиб келдик. Бизни Қизил майдон (ҳозирги Мустақиллик майдони)дан унча узоқ бўлмаган жойда, Анҳор бўйидаги чодирлар шаҳарчасига жойлаштиришди. Анҳорбўйи тартибсиз, ободонлаштирилмаган эди.

Эсимда, у ерда биздан ташқари бошқа шаҳар ва республикалар — Россия, Украина, Грузиядан келган кўплаб кўнгиллилар бор эди. Адашмаётган бўлсам, кўнгиллиларнинг ўзи 100 минг кишидан зиёд эди. Уларнинг бари тошкентликларга чин кўнгилдан ёрдам бериш ва шаҳарни обод қилиш ниятида келган эди.

Афсуски, ҳозир одамлар ўша кўнгиллилар ҳақида унутиб, уларга қарши чиқиб, ҳатто «босқинчилар» деб аташгача бормоқда. Бу нарса мени жуда ранжитади. У вақтларда ҳеч ким ўзини ўзбек, грузин ё рус деб айтмасди, биз ҳаммамиз бир хил ака-укалар ва опа-сингиллар эдик.

Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.

Чодирлар шаҳарчасидаги шароитлар жуда оддий эди. 50 тача чодир бор эди, ҳар бирида тахминан олти кишидан яшардик. Чодир ичида тумбочкали каравотлар бор эди. Биз ёш эдик, шароитга қараб ўтирмасдик, нолимасдик ҳам. Бизга шу ҳаётнинг ўзи қизиқ эди, биз одамларга ёрдам бераётганимиздан мамнун эдик. Зилзила сабаб уйларидан айрилган одамлар ҳам худди шундай чодирларда яшарди.

Чодирлар шаҳарчасида ошпаз йўқ эди. Биз маҳсулотларни сотиб олиб, баъзида ўзимиз овқат тайёрлардик, баъзида яқин-орадаги ошхоналарга борардик. Ишдаги тушлик вақтида ҳам ҳеч ким бизга овқат бермасди. Ҳамма ўзи билан нима тополса олиб келарди. Кимдир ўзи билан кефир, кимдир — булочка ё селёдка олиб келарди, бошқа биров эса қурилиш олдидаги ошхонага ўтиб, лағмон ё бошқа нарса ерди. Одатда ошхонада ҳамма нарса топиларди.

Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.Фотосурат Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган.

Чодирларда ноябргача яшадик, кейин совуқ тушди. Эрталаб уйғонганимда, устимдаги адёлга қиров тушган бўларди. Кейинроқ бизни ётоқхонага жойлаштиришди. У ерда ҳам ўзимиз овқат тайёрлардик.

Эрталаб туриб, трамвайда ишга отланардик, йўлга 45−60 дақиқа вақт кетарди. Ишдан сўнг ётоқхонага қайтардик.

Дам олиш кунлари — шанба ва якшанба — дам олардик. Кинога ёки бирор ёққа сайрга борардик, аммо мен вақтимни кўпам беҳуда кетказмасликка ҳаракат қилардик, чунки ўқишим керак эди.

Дўстим билан бирга турли бинолар қурилишида ишлаганмиз. Қаерга юборишса, ўша ерда ишлардик. «Силкиняпмиз, аммо таслим бўлмаймиз» эди бизнинг шиоримиз ўша вақтларда. Биз темирйўл институти яқинида, аэропортдан унча узоқ бўлмаган жойдаги кўп қаватли уйлар қурилишида қатнашганмиз. Ҳамма тиришқоқлик билан ва сидқидилдан ишларди. Тошкентликлара бошқа шаҳар ва республикалардан келган қурувчиларга жуда ҳурмат билан муносабатда бўларди.

Чодирлар бутун Тошкент бўйлаб тарқалиб кетган, ҳеч ким ҳеч нарсани қўриқламас, ҳамма тинчгина, бехавотир яшарди. Халқ асабий эмасди, одамлар бир-бири билан биродарларча муомалада бўларди. Ҳар жойда бўлганидек майда маиший келишмовчиликлар чиқиб туради, аммо жиддий низолар бўлмаган. Тошкент ҳар доим очиқ шаҳар бўлган. Уруш вақтида ҳам одамлар етим-есирларни ўз оиласига қабул қилган.

Бир ярим йил ишлагач, мен ўқишга кетдим. У вақтларда мобил телефонлар йўқ эди, шунинг учун, афсуски, ўша даврга мансуб суратларим ҳам сақланиб қолмаган. Орадан озмунча вақт ўтиб кетдими ахир. Дўст-танишлар билан алоқалар ҳам сақланиб қолмаган — айтганимдек, 60 йилча бўлиб қолди-ку.


Яқин кунларда «Газета.uz» Жўлдас Қулжанов билан бўлиб ўтган катта интервьюни эълон қилади. Унда доктор ўз ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилган, шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган.

Сайтимизда Тошкент зилзиласига бағишланган бошқа бир материал ҳам эълон қилинди — унда Тошкент халқ кутубхонаси ходимлари қандай қилиб нодир китоблар, қулёзмалар, ноталар ва босма нашрларни вайроналар остидан олиб чиқиб, сақлаб қолгани ҳақида сўз боради.