Марказий банк ва Солиқ қўмитаси шубҳали p2p ўтказмалари (картадан картага ўтказмалар) бўйича маълумотлар алмашинувини бошлаши мумкин. Бу ҳақда «Газета.uz» ўрганиб чиққан «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида сўз юритилади.

Ҳужжатга кўра, жисмоний шахсларнинг товарлар ва хизматлар учун картадан картага тўловларини «тартибга солиш» мақсадида Марказий банк ва Солиқ қўмитасига икки ой муддатда агар маълум чегарадан ошиб кетса, шу турдаги операциялар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тўғрисида меморандум имзолаш таклиф қилинмоқда.

Жисмоний шахслар учун лимит йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўм қилиб белгиланиши мумкин.

Хавфсиз каналлар орқали ўзаро маълумотлар базалари билан интеграциялашган тизимни 10 июлгача яратиш режалаштирилган. У маълумотни қайта ишлаши ва хавфларни аниқлаши керак.

P2p ўтказмаларини «тартибга солишга» уринишлар

2020 йил апрель ойида Солиқ қўмитаси таклиф қилган қарор лойиҳасида банклар жисмоний шахсларнинг барча карталарига 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушса ва p2p транзакциялари сони 10 тадан ошса, бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиш тартибини жорий этиш кўзда тутилганди.

Аҳоли норозилигидан сўнг лойиҳа қабул қилинмаган. Ўшанда Савдо-саноат палатаси ва Сенат қўмитаси Солиқ кодексида банклар учун жисмоний шахсларнинг карталаридаги пул муомаласи тўғрисида Солиқ қўмитасини хабардор қилиш ҳақида талаб мавжуд эмаслигини маълум қилганди. ССП ҳам банк сири тўғрисидаги қонунга риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаганди.

Uzcard қўмитани жисмоний шахсларнинг карталари ҳақида хабардор қилиш таклифи нақд пул олишнинг янги схемалари пайдо бўлишига, нақд пул айланмасининг ошишига ва тадбиркорлик субъектларининг яширин секторга ўтиб кетишига хизмат қилишини таъкидлаган.

2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов ташкилотлари жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари учун электрон ҳисобварақ-фактураларни тайёрлашлари шарт. Адлия вазирлиги ушбу банд президент қарори лойиҳаси экспертизадан ўтказилаётганда йўқ бўлганини маълум қилганди.

Марказий банк жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тайёрлашга, яъни бу маълумотларни солиқ органларига топширишга қарши чиққанди. Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур қоида банк сири тўғрисидаги қонун ва Конституцияга зиддир. Кейинчалик бу қоида президентнинг бошқа фармони билан бекор қилинганди.