Туркманистон Ўзбекистонни Тожикистоннинг иссиқхона помидори бозоридан бутунлай чиқариб юборди. Бу ҳақда Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги сабзавот, мева, резаворлар ва ёнғоқлар бозорига бағишланган EastFruit портали хабар берди.

Портал таҳлилчиларининг фикрича, ўзининг ажойиб кўриниши ва замонавий қадоқланиши билан туркман помидорлари «нарх бўйича жуда рақобатбардош» саналади.

Манба: EastFruit.Манба: EastFruit.

Шу билан бирга, жорий мавсумда Тожикистон иссиқхона корхоналарида помидор етиштириш билан боғлиқ муаммоларга қарамай, бу сабзавотларнинг нархи йилнинг шу даври учун рекорд даражада паст бўлиб қолган.

1 кг учун ўртача улгуржи нарх рекорд даражада паст — 1,46 доллар ва яқин орада ушбу маҳсулотлар нархининг янада пасайиши кутилиши мумкин, дея қайд этади EastFruit.


Бугунги кунда истеъмол қилинадиган иссиқхона помидорининг асосий қисмини импорт қилувчи Тожикистонда уларнинг нархи Ўзбекистонникидан (1,9 доллар) сезиларли даражада паст бўлиб, у ҳанузгача ушбу сабзавотларнинг асосий экспортчиси ҳисобланади.

Портал, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида иссиқхона помидорлари нархлари ҳозирда «Шарқий Европа мамлакатларидаги нархлардан унчалик паст эмаслигини» таъкидлайди.


Хусусан, маҳсулотнинг асосий қисмини Туркиядан импорт қилувчи Молдовада помидорнинг улгуржи нархи (1,57 доллар) ҳозирда Ўзбекистонникидан паст, Тожикистондаги нархларга яқин. Польша (1,96) ва Ўзбекистонда (1,9) иссиқхона помидорлари нархи деярли тенг.

EastFruit маълумотларига кўра, энергия тежамкор иссиқхона технологияларини янада ривожлантириш совуқроқ иқлими бўлган мамлакатларга ушбу бозорда нисбатан юқори рақобатбардошликни сақлаб қолиш имконини беради. Бироқ бу мамлакатлардаги истеъмолчилар одатда иссиқхона сабзавотларининг янгилиги ва таъми учун кўпроқ пул тўлашга тайёр.

иссиқхоналар, помидор, туркманистон, eastfruit

Портал декабрь ойида иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари кетма-кет тўртинчи йил кўтарилаётган ва тарихда рекорд даражада юқори бўлган, экспорт эса 2020 йилдан бери пасаяётган Ўзбекистонда иссиқхона хўжалигидаги муаммолар ҳақида ёзганди.

Бунинг асосий сабабларидан бири иссиқхоналарда табиий газдан фойдаланишни тақиқлаш ва кўмир билан иситишга мажбурий ўтиш бўлиб, бу «иссиқхона бизнесининг иқтисодини бутунлай ўзгартириб юборди ва иссиқхона сабзавотларини етиштириш самарадорлигини кескин пасайтирди». Шу билан бирга, Ўзбекистон дунёдаги энг йирик газ захираларига эга ва яқин вақтгача йирик газ экспортчиси бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон мамлакат аҳолиси ва корхоналарининг эҳтиёжларини қондириш учун газни импорт қилишни бошлади. Келгусида иссиқхона хўжаликларининг газ таъминотига қайтиши кутилмоқда.

Яна бир сабаб — Ўзбекистоннинг иссиқхона комбинатларида хорижий валютадаги қарздорликнинг юқорилиги, бу эса миллий валютанинг қадрсизланиши фонида кўп ҳолларда қарзга хизмат кўрсатишнинг имкони йўқлиги ва ишлаб чиқарувчиларнинг амалда банкрот бўлишига олиб келган. Иссиқхона эгалари аллақачон кредит тўловларини тўлаш муддатини бир неча бор узайтиришган. Охирги марта ўтган йилнинг август ойида президент 1000 та иссиқхонанинг 2,2 трлн сўмлик кредитларини қайтариш муддатини узайтирганди.

Учинчи сабаб — бозорда рақобатнинг кескин кучайиши, биринчи навбатда, Туркманистон, бу ўзбекистонлик иссиқхоначиларини бир неча йилдан бери анъанавий савдо бозорларидан сиқиб чиқармоқда. Туркманистондан келтирилган помидор ҳам Ўзбекистонда маҳаллийникидан арзонроқ нархда сотилмоқда. Газнинг асосий экспортчиси бўлган Туркманистонда иссиқхоналарнинг ушбу ёнилғини арзон нархларда олишида муаммо йўқ, бу эса ушбу соҳага катта сармоя жалб қилади.

Шавкат Мирзиёев февраль ойида иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берганди. Илгари иссиқхоналар ташкил этиш учун катта миқдорда кредитлар ажратиларди. Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, айрим тадбиркорлар ушбу имтиёзли кредитларни (имтиёзли муддат билан) меҳмонхоналар қуриш, бошқа бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ёки шахсий эҳтиёжларига сарфлагани, аммо қарзни тўлаш вақти келганда, иссиқхоналарни назорат қилмагани ва унумдорлигини оширишга ҳаракат қилмагани учун ҳамма ҳам мажбуриятларни бажара олмаган. Ҳосилга совуқ ҳаво ва газ муаммоси ҳам таъсир кўрсатган.