Ўзбекистон давлат бюджети дефицити йилнинг дастлабки 4 ойида 25,5 трлн сўмни ташкил этди, бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келтирган инфографикадаги маълумотлардан келиб чиқади.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлигиИнфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Апрель ойида давлат бюджети даромадлари 19 трлн 286 млрд 100 млн сўмни, харажатлари эса 25 трлн 27 млрд 200 млн сўмни ташкил этди (салбий фарқ 5 трлн 741 млрд 100 млн сўм). Харажатлар таркибида Давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган трансфертлар инобатга олинган. Даромад ва харажатлар орасидаги фарқ ой бошига шаклланган қолдиқ ва апрель ойида муомалага чиқарилган Давлат қимматли қоғозлари ҳисобига қопланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк ўзининг 2024 йил биринчи чораги бўйича пул-кредит сиёсати шарҳида ташқи қарз жалб қилиш қимматлашгани натижасида асосий эътибор ички ресурсларга қаратилиб, жорий йилнинг I чорагида 10,2 трлн сўмлик (2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга кўп) давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилинганини қайд этганди.

Жадвал: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари асосида «Газета.uz»Жадвал: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари асосида «Газета.uz»

Аввалроқ «Газета.uz» йилнинг биринчи чораги якуни бўйича Ўзбекистон бюджети дефицити 19,8 трлн сўм (1,56 млрд доллар)ни ташкил этгани ҳақида хабар берганди. Бу, «Газета.uz» ҳисобига кўра, камида 12 йил давомидаги рекорд кўрсаткичдир. Рақамлар, шунингдек, 2023 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 1,7 баробар, 2022 йилга нисбатан эса қарийб 20 баробар кўп.

Январда дефицит 5,8 трлн сўмни, февралда 7,2 трлн сўмни, март ойида эса 6,8 трлн сўмни ташкил қилганди. Бюджет даромадлари 2023 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 6,8 фоизга, харажатлари эса 19,3 фоизга ўсди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда давлат бюджети даромадлари 270,4 трлн сўм, харажатлари 280,7 трлн сўм, дефицит эса 10,3 трлн сўм бўлиши кутилмоқда.

Аввалроқ хабар берганимиздек, 2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни (5 млрд доллардан ортиқ) ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.

Консолидациялашган бюджет давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағларини ўз ичига олади.

Ўзбекистонда давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 2 йил ичида 5 бараварга — 5,63 трлн сўмдан 29,25 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) ошди. 18 трлн сўм газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга, 1,02 трлн сўм геология-қидирув ишларига сарфланган.

2023 йил якунига кўра, давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, маҳаллаларни сақлаш ва ННТларни қўллаб-қувватлаш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 17 трлн сўмни ташкил этди. 2024−2025 йилларда ҳам уларни сақлаш харажатларини ошириш режалаштирилган.