Жаҳонда ҳар уч аёлдан бири жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади ва аксарият ҳолларда зўравонлик аёлнинг умр йўлдоши томонидан содир этилади. Аёлларга нисбатан зўравонлик Ўзбекистонда ҳам хавотирли ижтимоий муаммо ҳисобланади. Шу муносабат билан 2023 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК) ва Жиноят кодекси (ЖК)га «Оилавий (маиший) зўравонлик» моддалари киритилди.

Суд статистикасига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ билан боғлиқ 2638 та жиноят иши ҳамда 10 091 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Олий суд ахборотига кўра, МЖтКнинг 59−2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2344 нафарига жарима, 1999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Жиноят кодексининг 126−1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) тадқиқотчилари Ўткирбек Холмирзаев ва Зайниддин Шамсидинов томонидан тайёрланган Ўзбекистонда аёлларга нисбатан маиший зўравонлик ҳуқуқбузарликларининг суд амалиётига доир тадқиқот айрим жиҳатлари билан эътиборга молик. Унда 2023 йил апрель-декабрь ойларидаги оилавий зўравонликка оид суд амалиёти (10 091 та маъмурий ва 371 та жиноят иши — жами 10 462 та ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишлари) қамраб олинган. Тадқиқот бошқа жамиятлардан ўрганилган ҳуқуқий (ва бошқа) институт ва механизмлар Ўзбекистонда татбиқ этилганида бутунлай бошқача мазмун касб этиши мумкинлигини оилавий зўравонлик ҳуқуқбузарлиги мисолида тушунтиришга уринади.

Оилавий зўравонлик қишлоқ ҳудудларда кўпроқ

Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизи шаҳарларда яшаса-да, аёлларга нисбатан оилавий зўравонликнинг мутлақ кўп (хусусан, маъмурий ишларнинг 82,2 фоизи) қисми қишлоқ ҳудудларда содир этилмоқда. Маълумотларга кўра, энг кўп оилавий зўравонлик ишлари Тошкент, Навоий, Жиззах, Бухоро ва Фарғона вилоятиларига, энг ками эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятига тўғри келади.

Оилавий зўравонлик бўйича маъмурий ишлар, ҳудудлар кесимида ва ҳудуддаги аҳоли сонига нисбати

Ҳудудлар

Аҳоли
сони,
минг киши

Оилавий зўравонлик
бўйича маъмурий
ишлар, дона

Аҳоли
жон
бошига

Қорақалпоғистон
Республикаси

1976,2

151,0

0,08

Андижон

3322,7

678,0

0,20

Бухоро

2009,7

623,0

0,31

Жиззах

1475,5

583,0

0,40

Қашқадарё

3482,3

817,0

0,23

Навоий

1055,5

611,0

0,58

Наманган

2997,5

674,0

0,22

Самарқанд

4118,2

890,0

0,22

Сурхондарё

2806,5

631,0

0,22

Сирдарёa

896,6

273,0

0,30

Тошкент вилояти

2993,4

2220,0

0,74

Фарғона

3976,3

1199,0

0,30

Хоразм

1958,1

329,0

0,17

Тошкент шаҳри

2956,4

412,0

0,14

Жами

36024,9

10091


Бундан ташқари, қишлоқ ҳудудларда оилавий зўравонлик даражасининг оғирроқлиги, тан жароҳат етказиш ҳолатларининг кўпроқлиги билан ҳам эътиборга молик. Илмий тадқиқотлар ҳам қишлоқларда аҳоли, айниқса аёлларнинг таълим даражаси нисбатан паст экани, қариндошчилик алоқаларининг интенсивлиги ва жамоавий назорат туфайли оилавий зўравонлик кўпроқ бўлишини тасдиқлайди.

Маданий-ижтимоий нормалар аёлларни доим бўйсунишга, қарор қабул қилишдан тийилишга ундайди. Бу нормаларни бузган тақдирда, хотин-қизлар ғийбат (гап-сўз, «маҳалла-кўй нима дейди?»), остракизм (жамиятдан четлатиш, алоқа қилмаслик) ва яқинлари томонидан бошқача шаклда жазоланади.

Оилавий зўравонлик оилавий масалами?

Ўзбекистон судлари оилавий зўравонликни «оилавий масала» сифатида кўриб, оилани бузмаслик, уни тиклаш, ўзаро ярашиш каби мақсадларда маъмурий ишларни тугатмоқда. Оилавий зўравонлик ишларини ярашиш муносабати билан жазодан озод қилиш имконсизлиги боис судлар бу муаммони МЖтКнинг 21-моддаси («ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш») орқали айланиб ўтиб, зўравонларни жазодан озод қиляпти. Бундай «озод қилишлар» ўрганилган ишларнинг қарийб 28 фоизни ташкил этади.

«Кам аҳамиятлилик» нима дегани? Бу қилмишда расман маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлса-да, ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилиш хусусияти, ҳуқуқбузарнинг роли, етказилган зарарнинг миқдори ва оғирлигига кўра фуқаролар (давлат ва жамият)нинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етмаган, деб топиш қоидасидир (МЖтК, 21-модда). МЖтКда кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик тушунчаси очиб берилмаган; ушбу қоидани айрим ҳолларда қўллаш мумкин эмас, аммо улар орасида оилавий зўравонлик йўқ. Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, оилавий зўравонлик ишларида, айниқса, қилмиш тан жароҳати билан содир этилганида, уларни «кам аҳамиятли» деб ҳисоблаш мушкул.

Оилавий зўравонлик — инсон соғлигига қарши ҳуқуқбузарлик, зўравонликнинг объекти эса инсон ҳамда унинг руҳий ва жисмоний саломатлиги эканига қарамай (бу модда мол-мулкни ҳимоя қилишга ҳам қаратилади), судлар ушбу ҳуқуқбузарликка оилавий масала сифатида қарамоқда ва буни ўз қарорларида ҳам таъкидлаяпти. Судлар аёлни фақат инсон сифатида эмас, кўпроқ «хотин» сифатида (ижтимоий-маданий нормаларга кўра, бўйсунувчи ва оиладаги махсус ролни бажарувчи мазмунида) кўраётгани ҳам суд амалиётидан кўринади.

Эътиборга молик яна бир жиҳат шуки, оилавий зўравонликка доир ўрганилган мазкур 10462 та ишнинг 96 фоизини эркак, 4 фоизини аёл судьялар кўриб чиққан.

Судларни бир масалада тушуниш мумкин, деб ҳисоблайди тадқиқотчилар: МЖтКда оилавий зўравонлик ҳолатида ярашиш имконининг йўқлиги судьяларга ҳам, жабрланувчига ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Жабрланувчи хотин-қизлар ярашиш институти орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш ва зарарни қоплашни талаб қилишнинг қулай имкониятидан фойдалана олмаяпти. Судлар, агар томонлар бир-бирларига эътирози бўлмаса, мазмунан ярашган бўлса, «кам аҳамиятлилик» қоидаси остида ишларни тугатмоқда.

Оилавий зўравонлик жиноятларида ўрганилган жиноят ишларининг 61 фоизи ярашилганлик муносабати билан тугатилган. Лекин ижтимоий назорат ва маданий-ижтимоий нормалардаги фарқлар, аёлларга зўравонлик ҳолатида ярашиш учун тенг шаклда музокара қилиш имконини бермайди — одатда ярашиш бу кейинги зўравонликдан қутулиш чорасигина бўлиб қолиши мумкин.

Жабрланган аёлларнинг ўзи жавобгарликка тортилмоқда

Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»

Холмирзаев ва Шамсиддинов ўтказган тадқиқот судлар оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликларида жабрланган аёлларнинг ўзини ҳам МЖтКнинг айни 59−2-моддаси — оилавий зўравонликда айблаб, жавобгарликка тортаётганини кўрсатди. Бунда жазо чоралари одатда руҳий ёки жисмоний зўравонликка учраган аёлларнинг зўравонга қарши жавоб ҳаракатлари — масалан, куч ишлатаётган зўравонни ҳақорат қилиш, унга жавобан куч ишлатиш орқали жисмоний зарар етказиш каби ҳолатлар учун қўлланилмоқда.

Масалан, Андижон вилоятидаги айрим туманларнинг суд қарорлари ўрганилганида, тасодифий танлаб олинган 10 та маъмурий ишнинг 6 тасида жабрланувчи аёлнинг ўзи ҳам (жазо тайинланмаса ҳам) жавобгарликка тортилгани ёки зўравонликда айблангани маълум бўлди. Умуман, тадқиқот якунларига кўра, бундай амалиёт асосан Андижон вилояти судларида, шунингдек, Фарғона, Тошкент вилоятлари судлари томонидан қўлланилаётгани ойдинлашган.

Масалан, бир ҳолатда (3−1702−2301/1596-сонли иш) ҳуқуқбузар ўз хотинини уриши оқибатида хотини жавоб қайтаради, улар бир-бирига тан жароҳати етказади, суд ҳар иккаласига ҳам жарима жазоси тайинлайди.

Яна бир ҳолатда (3−1702−2302/1627-сонли иш) эр алоҳида яшаётган хотинининг яшаш уйига бориб, у билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказади, хотини эса бундай зўравонликка қарши сўкиш билан жавоб қайтаради ва эрининг машинаси ойнасини синдиради. Суд эрни оилавий зўравонликда, хотинни бўлса ҳақорат ва мулкка шикаст етказишда айбдор деб топиб, ҳар иккаласини жавобгарликдан озод қилади.

Учинчи бир ҳолатда (3−1703−2301/3311-сонли иш) эса эр хотинини телефон сўзлашувида ҳақорат қилади ва бунга жавобан хотини ҳам уни ҳақорат қилади, суд эса ҳар иккисини оилавий зўравонликда айбдор деб топади. Тўртинчи ҳолатда (3−1506−2301/2780-сонли иш) эр ва қайнона келинни уриб, унга тан жароҳати етказади, судда эса келиннинг ўзи ҳам ҳақорат қилишда айбдор деб топилади — шу тариқа барчасининг ўзаро ярашиб олиши учун қулай вазият яратилади.

Аслида, ҳар икки томонга зарар етгани ҳақида ариза бўлган тақдирда ҳам, суд зарурий мудофаа ва бошқа тушунчалар нуқтаи назаридан ишни қўшимча ўрганиши мумкин эди, лекин тадқиқотчилар кўриб чиққан маъмурий ва жиноий ишларда судьялар бунга эътибор қаратмаган.

Фақат аёлларни ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган қонунлар улар жабрланган ҳолатларда ҳам уларнинг ўзини жавобгарликка тортилишига олиб келмоқда. Бу эса зўравон эркакнинг ярашувга эришиш, жабрланувчи аёл устидан ариза ёзиш орқали келишувга мажбурлаш усулларидан бирига айланганини кўрсатади. Тадқиқотчилар бу парадокс ҳали дунёнинг ҳеч бир ҳуқуқий тизими амалиётида учрамаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Бошқа тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ҳолатларининг аксарияти қонуний жавобгарликка тортишгача етиб бормайди, жабрланувчи аёллар кўпинча қариндошларидан ёрдам кутади, жуда кам ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Мурожаат қилганда ҳам кўпинча органлар томонидан ярашиш ва ишни ёпишга ундаш ҳолатларига дуч келади. Модомики, судлар ҳам аёлларнинг ўзини жавобгарликка тортиш амалиётини қўллаб-қувватласа, ҳолатни текширмай ярашувни рағбатлантирса, зўравонликдан жабрланган аёлларнинг адолатга эришиш имкониятлари янада пасайиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, оилавий зўравонлик — бу аёлларни ҳимоя қилиш учун махсус ҳуқуқий усул бўлиб, у осонлаштирилган исботлаш стандартлари ва махсус назоратга олишнинг қулайлиги туфайли алоҳида таркибда ажратилади. Лекин Ўзбекистон кодексларига оилавий (маиший) зўравонлик масаласи жинсий нейтрал мазмунда киритилгани боис бу моддалар бўйича аёлларни ҳам жавобгарликка тортиш мумкин бўлиб қолган. Ҳуқуқбузарлик ҳам «оилавий (маиший) зўравонлик» деб номланиб, зўравонликнинг оила тушунчаси ва оилавий масалалар билан беихтиёр боғловчи луғат қўлланилган. Бугунги суд амалиёти эса ушбу матндаги луғавий ва мазмунга оид хатоликларни тасдиқламоқда, деб ҳисоблайди тадқиқотчилар.

Ўзбекистонда оилавий зўравонликни бартараф этиш ва аёлларни зўравонликдан самарали ҳимоя қилиш учун, хусусан, қонунларни қўллаш амалиётини ва талқин қилиш мазмунини ўзгартириш лозим. Қолаверса, бу муаммолар ҳал этилиши учун муҳим ташкилий тадбирлар, айниқса ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва рўйхатга олиш, уларни ўрганиш, суриштириш, далиллар йиғишда халқаро стандартларга амал килиш керак. Бу энди бошқа бир мақола мавзусидир.