8 май куни Деҳли-Чикаго йўналишида AI-127 рейсини амалга оширган Air India авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Қайд этилишича, фавқулодда қўнишга йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлган. Самолётда бўлган 86 ёшли аёл юрак хуружига учраган. Шундан сўнг экипаж энг яқин муқобил аэродромга боришга қарор қилган.

Соат 06:44 да авиакомпания самолёти Тошкент аэропортига қўнган. Йўловчи ва унинг ҳамроҳи тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.

Самолёт ҳозирда Тошкент аэропортидан учишга ҳозирланмоқда, дейилади хабарда.