Франциянинг Suez компанияси Европа ва Марказий Осиё бўйича бош директори Пол Бурдийон 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форумида Тошкент шаҳридаги сув таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси ва мамлакатдаги бошқа режалар ҳақида гапирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Ўзбекистон сув ресурслари, иқтисодий ўсиш ва аҳоли сонининг ўсиши бўйича асосий муаммо олдида турибди. Иқлим ўзгаришига қарши курашда муваффақият ана шу омилларга боғлиқ. Вақт ўтиши билан мувозанат масаласи тобора қийинлашади. Биз Suez аъзолари бу муаммони ҳал қилишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда ўз ролимизни ўйнашимиз мумкинлигига ишонамиз», — деди у.

Suez — халқаро сув ресурсларини бошқариш ва чиқиндиларни утилизация қилиш компанияси. Ўзбекистонда у ҳукумат билан тахминан 2018 йилда ишлай бошлаган. 2023 йил август ойида Suez ва «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ўртасида етти йиллик шартнома имзоланиб, пойтахт сув таъминоти тизимини модернизация қилиш бошланганди.

«Биз учун Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш мумкин бўлган асосий йўналишлардан бири бу сув йўқотилишини камайтиришдир. Қанчалик кўп йўқотсак, шунча кўп ресурсларни исроф қиламиз. Шундай экан, биринчи вазифа — Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкорликда тармоқлар ва станциялардаги йўқотишларни камайтириш орқали бу ҳолатни яхшилаш», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, компания Тошкентда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда бир қанча янги технологияларни жорий қилмоқда, бу эса сув сизиб чиқиши ва босим пасайган жойларни тезроқ аниқлаш имконини беради.

«Шу тариқа биз профилактик ва прогнозли техник хизмат кўрсатишимиз мумкин. Шартноманинг бутун муддати давомида биз ва ҳамкорларимиз 30 мингга яқин сув сизиб чиқишларини бартараф этишни режалаштирмоқдамиз. Бу 300 минг аҳолиси бор шаҳар бир йил ишлатадиган сув миқдорини тежаш имконини бериши мумкин», — деди Пол Бурдийон.

Suez ва «Ўзсувтаъминот» Ўзбекистоннинг жануби ва жануби-ғарбий қисмидаги «ҳозирда аҳолининг фақатгина 40 фоизга яқини сувдан фойдаланиш имкониятига эга» минтақаларга таъсир кўрсатадиган потенциал лойиҳаларни муҳокама қилмоқда.

«Биз тармоқлар ва иккиламчи [сув таъминоти] тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, уй хўжаликларига сувдан фойдаланиш имкониятини берадиган лойиҳа устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз ва бу қамровни 40 фоиздан 80 фоизга ёки 90 фоизга ошириш ҳаракатидамиз», — деди француз компанияси вакили.

Пол Бурдийон турли хил сув манбалари ўртасидаги мувозанатга эришиш муҳимлигини таъкидлади.

«Ер ости сувлари бор, ер усти сувлари бор, лекин бошқа сув манбалари ҳам бўлиши мумкин. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан яна бир лойиҳа устида ишламоқчи эдик — биз буни оқова сувларни қайта ишлаш ва улардан такрор фойдаланиш деб атаймиз. Бу қайта ишланган сув саноат, қишлоқ хўжалиги, боғлар ва парклар учун ишлатилади ва ҳоказо. Биз уни ичимлик суви учун тавсия этмаймиз, аммо саноат, қишлоқ хўжалигини бундай манба билан таъминлай олсак, биз жуда кўп ичимлик сувини ушлаб қолиб, унинг захираларини сақлашимиз мумкин», — дея таъкидлади Suez раҳбари.

Компания, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига тарифларни рағбатлантириш бўйича ўз ғояларини таклиф қилмоқчи. Хусусан, унинг айтишича, сув истеъмоли арзон ва субсидияланган бўлиши керак, шунда ҳамма ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, сувни ортиқча исроф қилишдан қочиш ва уни оқилона истеъмол қилиш маданиятини шакллантириш керак.

Suez билан тузилган шартноманинг асосий қисми Тошкент бўйлаб уй хўжаликларида сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳисобланади. Аввалроқ етти йил ичида пойтахтда 650 минг дона ақлли сув ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, абонентлар мурожаатларига тезкор жавоб бериш учун мобил илова ишга тушириш кўзда тутилган.

«Бу одамларга қанча сув ишлатаётгани ҳақида кўпроқ хабардор бўлиш имконини беради. Шунингдек, мавжуд сизиб чиқишларни аниқлаш каби вазифаларни осонлаштиради. Шундай экан, ҳисоблагичлар ҳам сув истеъмоли устидан назоратни яхшилашда жуда кучли омил бўлиши мумкин, деб ўйлайман», — деди Пол Бурдийон.

2020 йил март ойида Suez International, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ўртасида «Тошкентда сув таъминоти трансформацияси режаси» лойиҳасини амалга ошириш муносабати билан биргаликда бошқарув шартномаси тузилганди. Ҳокимлик сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш лойиҳасини 185,4 миллион еврога баҳолаган.