Ҳамюртимиз Ришод Собиров дзюдо бўйича Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. Ушбу жаҳон биринчилигида 129 мамлакатдан 700 дан ошиқ спортчи иштирок этмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон дзюдо федерацияси.

Мусобақанинг иккинчи куни Ўзбекистоннинг энг машҳур дзюдочиси, Олимпия ўйинларининг иккита бронза медали соҳиби, икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров (66 кг) учинчи саралаш беллашувида япониялик уч карра жаҳон чемпиони Масахи Эбинумани 1,5 дақиқа мобайнида енгди. У дастлабки иккита беллашувда Венесуэла ва Арманистон спортчиларидан ғолиб бўлган эди.

Жанубий Корея спортчиси, бир қанча Гран-прилар соҳиби Ан Баул Ришоднинг қаршилигини енгиб, бу йилги жаҳон чемпиони бўлди. Шундан сўнг Собиров италиялик дзюдочи, кейин қозоғистонлик Елдос Жумакановдан устун келди.

2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиадада иштирок этишга даъвогар дзюдочилар учун ушбу жаҳон чемпионати саралаш рейтинги балларини тўплаш учун яхши имкониятдир. Чемпионатнинг олтин медали ўз соҳибига 900 очко келтиради ва бу Олимпия ўйинларидаги ғалабадан бор-йўғи 100 балл кам, холос. Кумуш медаль учун 540, «бронза» учун эса 360 балл берилади.

«Мен янги вазн тоифасига ўтганим сабабли узоқ вақт қийинчиликларга дуч келдим. Энди борган сари яхши спорт формасига кириб боряпман ва айниқса, Риода бўлиб ўтадиган Олимпиададан олдин ўзимга ишончим ортиб бормоқда. Энди октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Гран-прига тайёргарлик кўраман», — деди Ришод Собиров.