Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2-3 сентябрь кунлари Пекин шаҳрига ташриф буюрди ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди, деб хабар қилади ЎзА.
Ўша йиллардаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, Хитой халқи қаҳрамонона жанг қилди ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага улкан ҳисса қўшди.
Машҳур сананинг 70 йиллигига бағишлангаб Пекиннинг Тяньаньмэнь майдонида бўлиб ўтган ҳарбий парад умумбашарий аҳамиятга эга. Унда 30 га яқин мамлакат давлат ва ҳукумат бошлиқлари, шунингдек, БМТ, ШҲТ сингари халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Ислом Каримов сафари давомида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Икки мамлакат раҳбарлари ҳамкорликнинг мавжуд аҳволи, истиқболлари, уни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар хусусида фикр алмашди.
Ўзбекистон Президенти ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян билан ҳам учрашди.