«Навоийазот» корхонасининг 1-цехида 2 сентябрь куни эрталаб юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида 11 киши енгил тан жароҳати олди, деб хабар берди Навоий вилояти ҳокимлигининг «Дўстлик байроғи» газетаси.
Ҳодисадан жабр кўрганлар корхона шифохонасига етказилиб, уларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилди. Жароҳатланганларнинг 7 нафари шифохонада ётиб даволанишни рад этди, 1 беморга эса эртаси куни уйига жавоб берилди.
«Корхона маъмурияти ва барча ходимларининг тезкор ва уюшқоқ саъй-ҳаракатлари натижасида ҳодиса оқибатлари бартараф этилиб, цехнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари аввалги даражага кўтарилди», — дейилади газета хабарида.
Шу билан бирга газета айрим интернет нашрларининг «кимё заводи раҳбарияти жабрланганлар ва »қурбон бўлган"лар ҳақидаги маълумотлар ҳамда воқеа сабабларини сир тутяпти", қабилида тарқатган хабарларини ҳақиқатга тўғри келмайди, дея баҳолади.
«Ушбу хатти-ҳаракатлар сайтларнинг оммабоплигини ошириш мақсадида, гўёки йирик кимё ишлаб чиқариш корхонасида юз берган „портлаш“ атрофида „пашшадан фил ясаш“дан ўзга нарса эмасдир», — деб ёзади газета.
Хабар қилинишича, юз берган ҳодисани текшириш учун махсус комиссия тузилди ва у воқеа сабабларини ўрганиб чиқмоқда.