«Ўзбекистон қийин эрийдиган ва ўтга чидамли металлар комбинати» (ЎзҚЭЎЧМ, Чирчиқ, Тошкент вилояти) АЖнинг активлари — мол-мулки ва баланси тўлиқ «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ихтиёрига берилди. ЎзҚЭЎЧМ республиканинг 100 фоиз давлатга тегишли бўлган ягона вольфрам ишлаб чиқарувчи корхонасидир.
Ҳукуматнинг қарорига кўра, Давлат рақобат қўмитасига жойлардаги ижроия ҳокимияти идоралари билан бирга икки ой мобайнида ЎзҚЭЎЧМнинг давлат активларини ОКМК низом жамғармасига ўтказиб бериш вазифаси юклатилди. Ушбу қарор корхонанинг активларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида қабул қилинди, дейилади ҳужжатда.
ЎзҚЭЎЧМ 1956 йили қурилган эди. СССР даврида комбинат мудофаа саноати учун ишлаган ҳамда қаттиқ қотишмалар, кукун, молибден билан вольфрамдан прокат ишлаб чиқарган эди. ЎзҚЭЎЧМ молибден ишлаб чиқариш учун хомашёни ОКМКдан олади, вольфрам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Россиядан импорт қилинадиган хомашёдан фойдаланилади. Айни пайтда корхона, бор-йўғи, 20 фоиз қувват билан ишламоқда.