4 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон — Германия ва Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг иккинчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилади ЎзА.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва «Claas» компанияси бошқаруви аъзоси Ян Хендрик Мор раислигида ўтган тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда қарийб 685 миллион доллар бўлди. Ўзбекистонда Германиянинг 110 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда, 40 қа яқин етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Мажлисда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик ҳамкорликни, жумладан, савдо, сармоя, банк сектори, саноат, транспорт ва транспорт коммуникациялари, дори-дармон, енгил саноат, тўқимачилик каби қатор соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ишбилармонлар кенгашларининг биринчи қўшма мажлиси 25 февраль куни Берлинда бўлиб ўтган эди. Унинг натижаларига кўра, инвестиция ва кредит битимлари тўплами, шунингдек, умумий қиймати 2,8 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари ва жалб этиладиган Германия кредитларидан иборат савдо шартномалари имзоланган эди.