Мустақиллик йилларида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда изчил ислоҳ этиш, мустаҳкамлаш ва эркинлаштириш борасида тизимли, кенг кўламли ҳамда самарали ишлар амалга оширилмоқдаки, бу жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътибори ва эътирофига сазовор бўлаётир.
АҚШда фаолият кўрсатаётган Гэллап институти ижтимоий фикрни ўрганиш маркази «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» бўйича 2015 йилда Ўзбекистон дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаганини эътироф этди.
Мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилмоқда. Чунончи, 1991-2000 йилларни қамраб олган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг биринчи босқичи — ўтиш даври ва миллий давлатчилик асосларини шакллантиришдан иборатдир. Бу даврда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида зарурий институционал ва ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимининг конституциявий ва жиноят-процессуал кафолатлари таъминланди. Мустақил суд тизими ташкил этилди, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилик тизими ишлаб чиқилди.
Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Суд жараёнида айблов ва ҳимоя тенглигини таъминлашнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари яратилди. Апелляция тартибида иш юритиш жорий этилди.
Иккинчи босқич, яъни 2001-2010 йилларни ўз ичига олган муддат — фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизация қилиш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилиш даври бўлди. Ушбу даврда қонунчилик амалиётига биринчи марта жиноят ишларини судда кўриш жараёнига ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этиш институти киритилди.
Шулар қаторида мол-мулкни мусодара қилиш жазоси бекор қилинди. «Хабеас корпус» институти жорий этилиб, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди.
Ҳимоячининг ҳуқуқий мақоми такомиллаштирилиб, адвокатнинг ишда иштирок этиш тартиби енгиллаштирилди ва унинг ваколат доираси кенгайтирилиб, далиллар тўплаш ҳуқуқига эга бўлди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичи 2011-2016 йилларни қамраб олади. Амалдаги босқичда айни вақтга қадар, жумладан, судлар жиноят ишини қўзғатиш ҳуқуқига эга субъектлар доирасидан чиқарилди. «Хабеас корпус» институти кенгайтирилиб, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилди. Суд мажлиси жараёнида айблов хулосаси суд эмас, прокурор томонидан ўқиб эшиттирилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолияти янада такомиллаштирилди. Қолаверса, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этиладиган иқтисодий жиноятлар учун тайинланадиган жазолар либераллаштирилди. Қонунчиликдан «Масъул мансабдор шахс» атамаси чиқарилди. Яна бир эътиборли натижа — «e-sud» миллий электрон судлов ахборот тизими муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Давлат раҳбарининг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, хусусий мулкдорлар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолияти кафолатларини кучайтириш масаласини ҳал этишда суд органлари ролини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Судлар тегишли даъво аризаси кўриб чиқилаётган пайтда тадбиркорлик субъекти назорат органининг қароридан норози бўлса, унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга бўлди.
Шу ўринда 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳам суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш лозим. Ушбу қонун билан давлат қурилиши ва бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига доир ўттиздан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бу ҳақда сўз борганда, аввало, Жиноят кодексига белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун жиноий жавобгарлик белгилашга қаратилган 2293-модда ҳамда мазкур модданинг процессуал асослари Жиноят-процессуал кодексига киритилганини таъкидлаш лозим. Ушбу ўзгартишлар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга, соҳадаги давлат органларининг қонуний фаолияти учун шарт-шароит яратишга ҳамда фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини қўшимча равишда кафолатлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бешта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги 561-модда киритилди.
Хусусан, эндиликда иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилди. Бу нормалар фуқаролар, айниқса, ёшлар саломатлигини муҳофаза қилишга, баркамол авлодни тарбиялашга, жамоат мулкини ҳимоя қилишга, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.