Ўзбекистонда Европа Кенгаши томонидан молиялаштириладиган «Уйга, тўлақонли ҳаёт сари йўл» лойиҳаси («Returning PATH: Promoting Access To basic Human rights for vulnerable women and men»)ни амалга оширишга киришилди.

Лойиҳа психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Тошкентда Ижтимоий ёрдам синов марказини ташкил этиш орқали аҳолининг заиф қатлами вакилларини касбий тайёргарликдан ўтказишда ҳамкорлик олиб боришга йўналтирилган.

Икки йилдан зиёдроқ муддат давом этадиган лойиҳа Германия Миллий университетлар ассоциацияси (DVV International) томонидан амалга оширилади ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қиладиган 1200 нафардан зиёд аҳолининг жазони ижро этиш жойларидан озод этилган, гиёҳванд моддалар қарам бўлган, ОИВ билан яшовчи, силга чалинган ва бошқа заиф қатламларидан иборат эркак ва аёлларни қамраб олади.

«Интилиш» Республика ахборот-таълим маркази ННТ базасида ташкил этиладиган марказда етти нафар ходим меҳнат қилади, шунингдек, унинг фаолиятида турли ташкилотларнинг 220 нафар ходимлари ҳам иштирок этади, дея хабар қилди DVV International ваколатхонаси.

Марказ вазифалари қаторига йўқотилган фойдали ижтимоий алоқалар ва меҳнат қобилиятини қайта тиклаш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топиши учун барқарор мотивацияни шакллантиришда ҳамкорлик олиб бориш киради.