Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ғани Абдураҳмонов 91 ёшида вафот этди. Олимнинг вафоти муносабати билан Президент Ислом Каримов ва бошқа расмий шахслар ўз ҳамдардлигини билдирди, дея хабар қилди ЎзА.
Ғани Абдураҳмонов 1925 йилда Фарғона шаҳрида туғилди. 1946 йили Фарғона давлат педагогика институтини тугатганидан сўнг шу даргоҳда илмий-педагогик фаолиятини бошлади. 1950 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1968 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолиятини биргаликда олиб борган истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Фарғона давлат педагогика институти кафедра мудири ва проректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти сектор мудири, Фарғона давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент давлат чет тиллари институти, Тошкент давлат педагогика институти ректори, Тил ва адабиёт институти бош илмий ходими, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.
Юртимизда тилшунослик фани соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш ишига муносиб ҳисса қўшган Ғани Абдураҳмоновнинг ўзбек адабий тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб монография, рисола ва мақолалари, унинг раҳбарлиги остида тайёрланган луғатлар кенг жамоатчиликка яхши маълум.