Халқаро дзюдо федерацияси Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар рўйхатини эълон қилди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Ҳар бир вазн тоифасида кучли 22таликдан, хотин-қизлар орасида эса кучли 14таликдан ўрин олган спортчилар «Рио-2016» ўйинларида иштирок этади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади.

Диёрбек Ўрозбоев ва Шарофиддин Лутфуллаев -60 кг вазн тоифасида, Шаҳзодбек Собиров ҳамда Яҳё Имомов -81 кг вазн тоифасида кучли 22таликдан ўрин эгаллаган. Улардан кимларнинг Бразилияга боришини Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳал қилади.

Қолган вазн тоифаларида Ришод Собиров (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Соиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100 кг) кучли 22таликдан ўрин эгаллаб, Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлди.

Аёллар терма жамоасидан эса Гулноза Матниёзова (-70 кг) қитъавий квота орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш хуқуқига эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Абдулло Тангриев 2008 йили Пекин (Хитой)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган , Ришод Собиров эса 2008 йилги Пекин ҳамда 2012 йилги Лондон (Буюк Британия)да ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медаллари билан тақдирланган.