Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Чимён садоси — 2016» халқаро экологик сайёҳлик фестивали бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.
Тадбир Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари экофоруми, Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси, «Родничок» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилди.
Мазкур фестиваль ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бетакрор табиатимиз неъматларини асраб-авайлашга ўргатиш, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Фестивалда «Булоқча» («Родничок») болалар экологик журнали томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида амалга оширилаётган «Соғлом келажак учун» лойиҳаси доирасида «Табиатни асраймиз» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
«Биз — тоза Чимён учун» экологик акциясида Чимён ҳудуди турли чиқиндилардан тозаланди. Бу ерда дам олаётган сайёҳлар ўртасида табиатни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизматининг хабар қилишича, акция якунида иштирокчилар томонидан йиғилган чиқиндилар Бўстонлиқ туман ободонлаштириш бошқармасининг махсус транспорт воситларида белгиланган жойларга олиб чиқиб кетилди.
Фестиваль доирасида ўтказилган «Очиқ осмон остида экомактаб» машғулотлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда биохилма-хилликни асрашга қаратилган қизиқарли ўйинлар ва танловлар ташкил этилди.