2016 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда содир бўлган 26 фавқулодда вазиятда 48 киши ҳаётдан кўз юмди, 37 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ФВВ статистикаси (PDF) гувоҳлик бермоқда. Ўтган йилнинг худди шу даврида 37 ФВ содир бўлиб, унда 67 киши вафот этган, 57 киши жароҳатланган эди.

Энг кўп Наманган вилоятида қурбонлар ва жабрланганлар қайд этилди, ҳудудда 5 маротаба ФВ кузатилиб, унда 16 киши вафот этиб, 15 киши жароҳатланди.

Қашқадарё вилоятида 1 ФВда 8 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, Самарқандда — 3 та ФВда 7 киши оламдан ўтди ва 2 киши жабрланди, Тошкентдаги 5 та ФВда 4 нафардан кишининг ўлими ва жароҳат олиши қайд этилди.

Жиззах вилоятида рўй берган 1 та фавқулодда вазият натижасида 4 киши ҳаётни тарк этиб, 1 киши жароҳатланди, Бухоро вилоятидаги 1 та ФВ натижасида 3 киши дунёни тарк этди, 2 киши жабрланди. Андижон вилоятида кузатилган 3 та вазиятда 2 киши ўлди, 4 киши жабрланди, Фарғона вилоятида эса 2 та ФВ 2 кишининг ҳаётига нуқта қўйди, 1 кишининг шикастланишига олиб келди. 1 та ФВ қайд этилган Навоий вилоятида 1 киши вафот этди, 1 киши жароҳатланди, 3 та ФВда 8 сурхондарёлик жабрланди.

Тошкент вилоятида январь-март ойларида 1 та фавқулодда вазият содир бўлиб, унда ҳеч ким жабр кўрмади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида бирорта ҳам ФВ қайд этилмади.

Барча фавқулодда вазиятларнинг 12 таси техноген ва 14 таси табиий характерга эга. Жумладан, чорак мобайнида 8 та ФВга тааллуқли деб топилган йўл-транспорт ҳодисаси, 6 маротаба зилзила, 5 ҳолатда заҳарли моддалардан заҳарланиш, 2 та ёнғин, 1 та бино (ёки иншоотнинг) қулаши, 1 кўчки, 1 сувдаги ҳодиса, 1 ит тишлаши ва 1 оммавий овқатдан заҳарланиш қайд этилди.