Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент автойўлларида кенг кўламли реконструкция ишлари бошланган ўтган йилдан буён илк маротаба ҳаракат чекланадиган пойтахт кўчаларининг рўйхатини эълон қилди.

Йўлдаги вазиятлар тўғрисида тезкор маълумотларнинг йўқлиги автомобиль ҳайдовчилари ва жамоат транспорти йўловчиларининг норозиликларини келтириб чиқараётган эди. Йўналишни аввалдан режалаштириш имкони йўқлиги сабабли айрим кунларда йўлларнинг турли қисмларида жиддий транспорт муаммолари келиб чиқар, бу эса фуқароларнинг асабийлашишлари, вақт ва ёнилғининг беҳуда сарфланиши ҳамда хавфли вазиятларнинг вужудга келишига сабаб бўлаётган эди.

«Водители Ташкента» Фейсбук-гуруҳида эълон қилинган «Тошкент» вокзали ҳудудидаги тирбандлик тасвири.

Ҳайдовчиларни кутилмаган вазиятлардан ижтимоий тармоқлар (Фейсбукдаги «Водители Ташкента» гуруҳи ва бошқалар) ҳамда Waze сингари хизматлар қутқариб келаётганди. Ташаббусни ўз қўлига олган ҳайдовчилар «Йўллардаги тирбандликларни бирга енгамиз» шиори остида пойтахт харитасида ҳаракат қийинлашган участка ва жойларни белгилаб, ўзаро тезкор маълумотлар алмашаётган эди.

Агарда ИИВ ва Тошкент ҳокимияти ҳақиқатдан ҳам ҳар куни ёпиладиган кўчалар рўйхатини эълон қилиб борса, буни фуқароларга бўлган муносабатдаги очиқлик ва йўлларда ҳаракат хавфсизлигини оширишдаги катта қадам деб ҳисоблаш мумкин.

Биринчи бўлиб 15 июнда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланадиган кўчалар рўйхати эълон қилинди.

«Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳамда ўзаро хушмуомала бўлишингизни сўраймиз», — дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.