Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) 2016-2017-ўқув йилида 330 нафар талабани, жумладан 80 нафар талабани янги логистика йўналишига қабул қилади. Бу ҳақда чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ОТМ раҳбарияти маълум қилди.

Тадбирда янги йўналишнинг Ўзбекистон ҳукуматининг траспорт ва логистика соҳасига қаратаётган катта аҳамияти ва логистика мутахассисларига бўлаётган катта талабни ҳисобга олган ҳолда очилгани таъкидланди. Ушбу йўналишни муваффақиятли якунлаган мутахассислар логистика жараёнларини бошқариш — логистика компаниясини тузишдан то унинг фаолиятини юритишга қадар бўлган барча билимларни эгаллайди.

Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулотларни етказиб бериш тизимини бошқариш, юк ташиш, авиа ва темир йўл транспортини бошқариш тизими, бизнес жараёнларни бошқариш, ресурсларни режалаштириш ҳамда бошқариш ва бошқа профессионал модуллар асосида қурилган.

Битирувчилар нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда иш топа оладилар, балки логистика бўйича ўзларининг бизнесларини ҳам юритишлари мумкин.

Янги факультетга математикадан имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳамда камида 6 баллик IELTS сертификати ёки 75 баллик TOEFL сертификати мавжуд бўлган талабалар қабул қилинади. Факультетда ўқиш контракт асосида бўлади. Шунингдек, кириш имтиҳони натижаларига кўра 5 нафар энг яхши талабалар биринчи ўқув йилининг биринчи семестри учун ўқиш тўловидан бутунлай ёки эллик фоизга озод этилади. Бундай имтиёзлар биринчи семестрни энг юқори баллар билан тамомлаган дастлабки беш нафар талабаларга ҳам берилади. Шу билан бирга, манфаатдор корхоналар томонидан кейинчалик ишлаб бериш шарти билан талабаларнинг ўқиши учун мақсадли грантлар ажратилиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети «Компьютер инжиниринг» ва «Дастурий инжиниринг» йўналишлари бўйича мутахассис тайёрлашни давом эттиради. Ўтган ўқув йилида бўлганидек, бу йил ҳам мазкур йўналишларга 250 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш имтиҳонлари 29 июль куни ўтказилади. Абитурентлар 14 июль кунига қадар онлайн рўйхатдан ўтишлари лозим

Июнь ойида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети TOEFL iBT® тестларининг сертификатланган маъмурий марказига (CTAS — Certified Test Administration Site) айланди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети TOEFL® тестларини 25 июнь, 9 июль ва 16 июль кунлари ўтказишни (рўйхатдан ўтиш) режалаштирмоқда.