Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 14 июнь куни Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди, дея хабар берди ЎзА. Давлат раҳбари янги лавозимга тайинлангандан сўнг мамлакатга илк бор келган меҳмонни қутлар экан, уни юксак ва масъулиятли лавозим билан табриклаб, фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама этилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, аввало, ўзаро манфаатга, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга асослангани таъкидланди.

Жозеф Вотел АҚШ раҳбарияти икки давлат ўртасидаги серқирра муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.