15 июнь куни Тошкентдаги Next савдо-кўнгилочар мажмуасида тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди, дея хабар қилди мажмуа матбуот хизмати «Газета.uz»га. Ўқувлар Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Қизил ярим ой жамияти иштирокида ўтказилди.

Савдо-кўнгилочар мажмуа каби йирик ва гавжум объект бу сингари тадбирларни олиб бориш жойи сифатида илк бор танланди. Next мажмуасига ҳар куни 10 минг нафаргача киши ташриф буюради, уларнинг аксарияти фарзандлари билан келган оилалардир.

Ўқувлардан кўзланган мақсад зилзила ва ёнғин оқибатларини бартараф этиш, ташриф буюрувчилар ва ходимларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиш, қутқарув ва авария-тиклаш ишларини олиб бориш бўйича амалий вазифаларни бажаришдан иборат.

Мажмуа ходимлари ўқувларга жалб қилинган фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ва тез тиббий ёрдам бўлинмалари мутахассислари билан биргаликда ташриф буюрувчиларни тўртинчи қаватдаги авария чиқиш йўллари ва ойналардан эвакуация қилиб, томдаги ёнғинни ўчиришди, ушланиб қолган лифтдаги одамларни озод қилиб, ўша жойнинг ўзида даволашгача ва психологик ёрдам кўрсатишди.

Мажмуада 2014 йилдан буён 40 нафар ходимдан иборат фуқаро муҳофазаси гуруҳи шакллантирилган. Улар қидириш (разведка) гуруҳи, огоҳлантириш ва алоқа звеноси, ёнғин, қутқарув ва санитария бригадалари, жамоатчилик тартибини сақлаш гуруҳи, кимёвий ҳимоя звеноси, авария-тиклаш бригадаси ва психологик ёрдам гуруҳини ташкил этади.