Тошкентдаги Олой бозори савдогарлари янги павильонларни жиҳозлашни бошлади. Қайта бунёд этилган савдо майдонларининг яқин кунларда очилиши кутилмоқда, дея хабар қилди бозор маъмурияти «Газета.uz»га.
Жума куни янгиланган бозорга Ўзбекистон пойтахти раҳбарияти ташриф буюрди. Кенг кўламли реконструкция ишлари доирасида бу ердаги эски қишлоқ хўжалиги павильони ўрнида 464 ўринга мўлжалланган янгиси бунёд этилди.
Шарқ ширинликлари, гўшт, сут ва нон маҳсулотлари учун алоҳида павильонлар фаолият кўрсатади.
Бозорнинг умумий инфратузилмаси яхшиланган, миллий услубдаги ошхона-чойхона қурилди, Амир Темур шоҳ кўчасидаги бозор марказига ўрнатилган фаввора янгиланди.
Бозор ҳудуди ва унинг атрофига майсазорлар ётқизилиб, ўриндиқ ва шийпончалар ўрнатилди. Бозор олдидаги улкан айвонга эга бекат ўрнига бир неча ойнали панелдан тайёрланган ихчам бекатлар ўрнатилди.
Эслатиб ўтамиз, Олой бозори билан бир вақтнинг ўзида Миробод бозорида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мазкур бозор ҳам яқин кунларда фаолиятини бошлайди.
Фото