Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев ЎзА мухбирига хавфли инфексион касалликларни қўзғатувчилари, саломатликка эътиборли бўлиш тўғрисида сўзлаб берди.

«Бу йил қиш одатдагидан анча илиқ келди. Бу хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи ҳашаротларнинг кўпайишига замин яратди», — дея қайд этди Саидалиев.

куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Илмий манбаларда куйдирги касаллиги бактериясининг спорали шакли ташқи муҳитга ўта чидамли экани қайд этилган. Олимлар унинг узоқ йилларгача тупроқда тирик сақланиш хусусияти борлигини аниқлаган. Ҳайвонлар касалликни тупроқда ётган ана шу споралар орқали юқтиради. Қрим-Конго геморрагик иситмаси чорва молларида учрайдиган каналар орқали тарқалади.

«Бундай касалликлар одамларга юққанда, яширин даври бир неча кунгача давом этади. Куйдиргида баданда яра пайдо бўлади. Қрим-Конго геморрагик иситмасида ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тошади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади, қон кетади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Уйда ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шифохоналарда бундай хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш учун барча шароит яратилган», — дея маълум қилди бош давлат санитария врачи.

«Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш ҳар бир инсондан тиббий маданият ва ўз саломатлигига эътиборли бўлишни талаб этади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзига, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этиш лозим. Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни йилига бир маротаба куйдирги касаллигига қарши профилактик эмлатиш, ҳайвонларда бирор-бир касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш даркор», — таъкидлади у.

Саидмурод Саидалиевнинг таъкидлашича, куйдирги ва бошқа хавфли юқумли касалликларнинг инсонлар орасида учрашининг олдини олиш борасида санитария-эпидемиология соҳаси ва тиббиёт ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Чегара ҳудудларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктларида четдан кириб келаётган хорижий фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бугунги кунда аҳолига бу борада қулайлик яратиш ва эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш мақсадида туманларда санитария-эпидемиология, ветеринария ходимлари, шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида махсус гуруҳлар тузилиб, улар хонадонларда чорва молларини кўрикдан ўтказиш, ҳудудларда санитария-эпидемиология ҳолатини барқарор сақлаш бўйича иш олиб бормоқда.