БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Ўзбекистон фермер далаларида буғдойнинг эски маҳаллий навлари: таҳлил, миллий даражада йиғиш ва сақлаш» (PDF) тадқиқотини эълон қилди.

ФАО матбуот хизматининг хабар қилишича, тадқиқот 2010−2015 йилларда Ўзбекистонда буғдой навларининг анъанавий хилма-хиллигини сақлаш мақсадида олиб борилди. Сўнгги йилларда фермерлар фақатгина буғдойнинг замонавий навларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, эски маҳаллий навлар минтақада келгусида буғдой етиштириш учун қимматли генетик ресурсларга эга.

«Қоидага кўра, янги навни маҳаллийлаштириш ва тадбиқ этишда асосий эътибор буғдойнинг маҳсулдорлиги, чидамлилиги ва нон ёпишдаги сифатларига қаратилади. Барча янги навлар — юқори ҳосилдорликка эга, аммо ҳар доим ҳам юқори нон пишириш сифатлари мавжуд бўлавермайди, — қайд этади муаллифлар. — Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида етиштириладиган эски маҳаллий навлар самарадорлик нуқтаи назаридан тижорий навлар билан рақобатга кириша олмайди. Бироқ мазкур эски маҳаллий навлар буғдой сифатини ошириш учун ресурс сифатида катта қийматга эга бўлиб, инсон саломатлиги учун фойдали озуқавий микроэлементлар ва бошқа бирикмалар билан тўйинган янги навларни яратишга олиб келиши мумкин».

Буғдойнинг эски маҳаллий навларини ўстириш жойларини аниқлаш учун кенг кўламли тадқиқотлар ва намуналарни йиғиш ишлари ўтказилди. 2013−2014 йилларда тадқиқотчилар Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида эски маҳаллий навларни етиштиришда давом этаётган фермерлар билан суҳбатлар ўтказди. Сўровномалар буғдойнинг эски маҳаллий навларидан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий жиҳатларни тушуниш мақсадида олиб борилди.

Тадқиқотларда буғдойнинг маҳаллий навларининг батафсил рўйхати тузилиб, уларда фермерлар мазкур навларни етиштиришда давом этаётган жойлар, сабаблари, усуллар ва шароитлар келтириб ўтилган. Ҳужжатда, шунингдек, генетик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилаётган шахслар ҳамда буғдойнинг эски маҳаллий навларидан фойдаланаётган фермерлар учун тавсиялар ҳам келтирилган.