«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси сентябрь ойидан «Орзудаги лайнер"дан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда МАК матбуот хизмати хабар қилди.

Мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида биринчи Boeing 787 Dreamliner`нинг Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда. Иккинчи самолёт эса кузда етказилиши лозим.

«Жорий йил сентябридан „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ МАК йўловчилари Boeing 787 Dreamliner самолётида қулайликнинг янги даражасига баҳо беришлари мумкин», — дейилади хабарда.

Янги лайнерлар узоқ ва ўта узоқ халқаро йўналишларда парвозларни амалга оширади. Жумладан, улар Тошкент — Нью-Йорк йўналишида қўнишларсиз рейсларни амалга оширишга имкон беради.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Америка корпорацияси билан икки дона Boeing-787−800 Dreamliner самолётини харид қилиш бўйича шартномани 2008 йилда имзолаган эди. Dreamliner 2012 йилда Dream Tour жаҳон тақдимот сафари доирасида Ўзбекистонга ҳам учиб келди.

Январда эса МАК Boeing билан ҳамкорликда Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси базасида самолётларнинг композит панелларини таъмирлаш бўйича марказни ишга туширди.