Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида Korzinka.uz брендидан ноқонуний фойдаланишга барҳам берилди. Бу ҳақдат Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Брендга ҳуқуқий жиҳатдан эгалик қилувчи Anglesey Food шўъба корхонаси Давлат рақобат қўмитасига Korzinka.uz брендидан ноқонуний фойдаланилаётгани тўғрисида хабар қилди.
Қўмита мутахассислари Қўқон шаҳрида тадбиркор З. Мадаминовнинг Korzinka.uz товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлган товар белгилар остида савдо фаолияти билан шуғулланаётганини аниқлади.
Мазкур брендга нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқининг бузилишига Намангандаги Spektrsanoatsavdo МЧЖ ва Ibratomuz Qurilish ХФ, шунингдек, Қўқондаги якка тартибдаги табдиркор П. Мадаминов томонидан ҳам йўл қўйилган.
Давлат рақобат қўмитаси томонидан тегишли ишларнинг амалга оширилиши натижасида қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди.
Қўмита хабарида эслатиб ўтилишича, «Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 13- моддасига мувофиқ, юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда товарни реализация қилиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва қонун билан таъқиқланади.