Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсуми олдидан газ тақсимлаш тармоқларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда, дея хабар қилди ЎзА «Тошкентшаҳаргаз» маълумотларига таянган ҳолда.

Йирик газ тармоқлари эски металл газ қувурлари ичига янги полиэтилен қувурлар жойлаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар ёрдамида таъмирланмоқда.

«Тошкентшаҳаргаз» филиалидан маълум қилишларича, газ таъминоти тизимини таъмирлаш ва реконструкция қилишда бугунги кунда турли муҳандислик-коммуникация тизимининг жойлашуви, транспорт воситаларининг серқатновлигини ҳисобга олиш лозим.

Ер ости газ қувурларини таъмирлашда фойдаланилаётган полиэтилен қувурлар тортишнинг замонавий «қувур ичида қувур» технологияси маблағ ва вақтни тежашга имкон бермоқда. Унда реконструкция қилинаётган эски металл қувур ичига полиэтилен қувур жойлаштирилади.

Жорий йилда Ўзбекистон пойтахтида 18,4 километр газ қувурини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунда пойтахтимиздаги ўрта ва юқори босимли 1500 газ назорати пунктида текшириш ва профилактика ишлари якунланди. Газ қувурларида босимнинг пастлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида қўшимча газ назорати пунктлари ўрнатиш ва янги қувурлар ўтказиш ишлари бажарилмоқда.

Ер ости газ қувурлари хизматининг замонавий ускуналар билан жиҳозланган мобиль лаборатория хизмати ёрдамида 870 километрлик газ тармоғи текширувдан ўтказилди. Аниқланган барча носозликлар тезкорлик билан бартараф этилиб, 60 километрга яқин ер ости газ қувури қайта тикланди.

Носозликлар ва газ сирқиб чиқиши аниқланган жойларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир тумандаги авария хизмати туну кун аҳолидан ариза қабул қилиб, ер ости газ қувурлари ҳамда истеъмолчиларнинг ўлчов приборларини таъмирлайди.