«Ўзинвестлойиҳа» инжиниринг компанияси Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда илмий-лойиҳа ишлаб чиқариш марказларини ташкил этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мазкур марказлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишловчи корхоналарга экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ва хориждаги етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантиришда яқиндан кўмак беради. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортбоп, ҳосилдор навларини аниқлаш, бу навларни қайси ҳудудларда етиштириш, уруғ ва кўчатларни қаердан харид қилиш, кимёвий ўғит ва касалликка қарши дори воситаларидан қандай фойдаланиш борасида ҳам маслаҳатлар берилади.

«Биз тадбиркорларга мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишда хорижий бозорларда талаб этиладиган сертификат, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлашни ҳам ўргатамиз, — дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик суъбектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи Марат Жўраев. — Мутахассисларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий хорижий технологиялар асосида қайта ишлаш, уларни саралаш ва қадоқлаш бўйича маҳаллий тадбиркорларга тавсиялар бермоқда».