Тошкент автомобиль-йўллар институти (ТАЙИ) ўрнида ташкил этилган Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш институтида иккита факультет фаолият юритади. Ушбу ўзгариш давлат раҳбарининг 26 августда тасдиқланиб, Lex.uz сайтида эълон қилинган қарорида ўз аксини топган. ТАЙИда тўртта факультет мавжуд эди.
Автомобиль йўллари ва иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш ҳамда Автомобиль транспорти ва транспорт тизимларини фойдаланишга топшириш факультетлари бештадан кафедрани ўз ичига олади. Бундан ташқари, ОТМ тузилмасида олтита факультетлараро умумтаълим кафедралари фаолият кўрсатади.
Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент автомобиль-йўллар институтининг тугатилаётган ёки қайта ташкил этилаётган таълим йўналишлари ва мутахассисликларида таҳсил олаётган бакалавр ва магистратура талабалари тегишли Ўзбекистон ОТМларининг мос келувчи йўналишларига ўтказилади. Қайта ташкил этилган институт сайтида эълон қилинган Олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғига биноан, ушбу ОТМлар Тошкент давлат техника университети ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтидир.