Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев сешанба куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан учрашув ўтказди, хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни мусулмон дунёсининг энг нуфузли молия муассасаларидан бирига раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан табриклаб, ИТБ бундан буён ҳам бутун ислом умматининг бирдамлиги ва барча аъзо мамлакатлар ривожига муносиб ҳисса қўшаверишига ишонч билдирди.

Ислом тараққиёт банки томонидан шу кунгача Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга оид 26 лойиҳа ижроси учун 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ИТБ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридир. Шу муносабат билан мамлакатимиз 2017−2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий йилнинг ўзида қабул қилишга тайёр. Айни пайтда ушбу стратегияга киритиш учун умумий қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 21 лойиҳа бўйича таклифлар тайёрлаб қўйилган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббусини рўёбга чиқариш — Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида нафақат ислом маданияти, балки умуминсоний цивилизация равнақига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бу ташаббус негизидаги «жаҳолатга қарши маърифат» тамойили ислом динини унга путур етказадиган сохта ғоялар орқали эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳонуддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби даҳолар меросидан ўрганишга, мана шу умумэътироф этилган диний-маданий ва илмий бойликни бутун дунёда кенг тарғиб этишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Бандар Ҳажар мазкур ташаббусни юксак баҳолар экан, бундай эзгу ғоялар мусулмон оламининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга ва умумий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.