Самарқандда қурилаётган тўртта трамвай тармоғи узунлиги 34,8 километрни ташкил этади, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.

Қурилиш ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда. Ноябрда бошланган биринчи босқичда темир йўл вокзалидан Сартепа мавзесигача 6,4 километрлик темир йўл излари ётқизилади. Мазкур линияда иккита ҳалқа йўли, тўртта тортувчи нимстанция ва битта депо қурилиши кўзда тутилган. Шундан сўнг қурилиш ишлари темир йўл вокзалидан Сиёб бозорига қадар давом этади. Мазкур йўналиш узунлиги 5 километрни ташкил этади.

Иккинчи босқичда трамвай тармоғи вокзалдан Спитамен кўчаси орқали Суперфосфат заводигача 12,4 километрлик йўл бунёд этилади. Вокзал ва завод Нарпай кўчаси орқали ўтувчи 11 километрлик яна бир линия билан ўзаро боғланади.

Трамвайлар ҳаракати март ойида ишга туширилади. Самарқандга трамвайларни қайтариш ташаббусини октябрь ойида ўша вақтда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев илгари сурган эди. Бу ерда 2011−2012 йилларда пойтахт учун харид қилинган, ўтган йилнинг май ойида трамвайлар ҳаракати тўхтатилгандан кейин бу ерга юборилган Чехиянинг Vario LF вагонлари аҳолига хизмат қилади.