Соғлиқни сақлаш вазирлиги Президент топшириғига биноан меҳнат қилиш учун чет элга чиқиб кетган шифокорларни Ўзбекистонга қайтариш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов 8 февраль куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, шу вақтга қадар Норвегия, Дания, Қувайт ва Россияда яшаётган турли ихтисослик ва йўналишлардаги (кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, ортопедия, травматология ва жигар жарроҳлиги) тиббий мутахассислар билан суҳбат олиб борилди. Уларнинг 10−15 нафари йил давомида Ўзбекистонга қайтишга розилик билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистонда ишлашни хоҳловчи чет эл олийгоҳлари битирувчилари учун қулайроқ имкониятларни яратиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бир қатор университетлар дипломларини тез фурсатларда нострификация қилиш шартлари аниқлаб олиш режалаштирилган.