2011 йилда қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги қонунга риоя этилмаслиги муаммоси унинг ижроси учун масъул тузилма ва ташкилотлар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва таълим муассасалари маъмуриятларининг самарасиз фаолияти билан боғлиқ. 2016 йил сентябрдан декабргача қонун ижросини ўрганган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари шундай хулосага келди.

«Бугунги кунда мутасадди ташкилотлар томонидан ёшлар ўртасида бу каби салбий ҳолатлар профилактикаси ва уларга қарши кураш бўйича етарли даражада чоралар қўлланилаётгани йўқ. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмол қилиниши соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурлар ижроси ва амалга ошириш жараёнини назорат қилиш, уларнинг ёшларга салбий таъсири профилактикаси етарли даражада амалга оширилмаган», — дейилади институт хабарида.

Ҳисобот даврида олинган маълумотлар таҳлили қонунчилик ва улар ижроси доирасида қўлланилувчи чора-тадбирлар бўлишига қарамасдан, бугунги кунда республиканинг қатор ҳудудларида ёшлар орасида алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши муаммоси сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Қатор ҳудудларда таълим муассасалари: мактаблар, лицейлар, коллеж ОТМлар яқинида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосининг сақланиб қолаётгани мамлакатдаги асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Таълим муассасаларидан 500 метр радиусдан кам ҳудудда жойлашган савдо объектларида кўрсатиб ўтилган маҳсулотларни сотиш тақиқланади. Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистонда мазкур талабга риоя қилинмаётгани аниқланди.

Институт қонунга риоя этилмаслиги муаммосини ҳал қилиш, соғлом турмуш тарзини юритишга иштиёқни шакллантириш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари зарарини англаб етиш бўйича профилактик ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.