Ўзбекистонда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлар автоматлаштирилиб, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланганлиги ёки хатланганлиги бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантирилади. Бу Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 27 февралдаги «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Адлия вазирлиги ахборот марказининг хабар қилишича, нотариуслар томонидан идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлаш Тошкент шаҳрида — 2017 йил 1 июлдан, барча ҳудудларда — 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади.

Янги қарор билан кўчмас мулкларнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергия бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилди. Бунинг ўрнига ушбу маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиши белгиланди.

Бундан ташқари, келгусида нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали битимлар лойиҳаларини тайёрлаш, нотариал ҳаракатлар ҳақида тушунтиришлар олиш ва нотариус қабулига олдиндан ёзилиш учун мурожаат қилиш механизмлари жорий этилади.

Шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими амалга киритилади.