Ўзбекистон Президентининг 15 мартдаги қарори билан Тошкент ахборот технологиялари университетига (ТАТУ) Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди.

Ал-Хоразмий замонавий математика, тригонометрия, география фанлари ривожига улкан ҳиссасини қўшган. Ўрта асрлар бошланиши даврида Шарқда амалга оширилган кўплаб кашфиётлар унинг номи билан боғлиқ.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ТАТУда Муҳаммад ал-Хоразмий номини абадийлаштириш ва унинг бебаҳо меросини кенг ўрганишга бағишланган қатор тадбирлар амалга оширилади. Республика ва халқаро даражадаги илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, ТАТУнинг иқтидорли талабалари учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия жорий этиш ва бошқалар шулар жумласидан.

Мамлакат ОТМлари ўртасида дастурий маҳсулотлар, математик моделлаштириш, алгоритмизация, криптология, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникациялар, телевизион технологиялар ва ахборот хавфсизлиги бўйича замонавий ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш каби АКТ соҳасидаги танлов ва олимпиадаларни ўтказиш режалаштирилган.

Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш марказини университет қошидаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион марказ этиб қайта ташкил этиш белгиланган. ТАТУ талабаларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи соҳалари ва секторларининг реал талаблари ҳисобга олиниб ички ва ташқи бозорда рақобатбардош сифатли миллий дастурий маҳсулотларни тайёрлаш марказнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

ТАТУ ҳузурида университет учун ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва чоп этиш, хорижий адабиётларни харид қилиш, ал-Хоразмий стипендияси ҳамда «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» журналини молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа бир қатор ҳаражатларни қоплаш бўйича Илмий-инновацион ривожланиш жамғармаси ташкил этилади. Уяли алоқа компанияларининг абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўловларининг 1 фоизи миқдоридаги маблағлари ва бошқа тушумлар мазкур жамғарманинг молиявий асосини ташкил этади.