Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Остонада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан бўлиб ўтган музокараларда мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

ЎзА маълумотларига кўра, Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканининг тасдиғидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Қозоғистон бизнинг стратегик ҳамкоримиз, қўшнимиз ва қардош Ўзбекистон халқига тараққиёт ва фаровонлик тилайди. Келгусида икки томонлама шартномалар доирасида сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилишидан умидвормиз. Айни пайтда давлатлараро шерикчиликни чуқурлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси кескин ўсди, чегараларимиз ўтказувчанлиги ошди, маҳсулотларнинг янги турлари етказиб берилмоқда», — дея иқтибос келтиради Нурсултон Назарбоев матбуот хизмати унинг сўзларидан.

Кейинги беш ойда мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсди, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошланди. Остонада биринчи марта Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан зиёд тадбиркорлари иштирокида ўтказилаётган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик 75 та қўшма шартнома имзоланиши кутилмоқда.

«Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради», — деди Қозоғистон Президенти.