Жанубий Қозоғистон вилоятидан Ўзбекистонга «Дўстлик карвони» етиб келди, дея хабар берди ЖҚВ матбуот хизмати. 2 дан 6 майга қадар Ўзбекистонга қараб йўлга чиққан 50 нафар оқсоқол Тошкентдаги қозоқ жамияти арбоби Тўлабий қабрини, сўнгра Самарқанддаги Амир Темур ва Ялангтўш Баҳодир, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбараларини зиёрат қилади.
«Дўстлик карвони» вакиллари Ўзбекистон Байналмилал маданият маркази, қозоқ маданияти маркази ва бошқа тарихий-маданий марказларга ташриф буюриб, у ерда маҳаллий аҳоли билан учрашади.
Мазкур тадбир Қозоғистон халқлари ассамблеяси ва Ўзбекистон Байналмилал маркази ўртасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга март ойидаги расмий ташрифи давомида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида амалга оширилмоқда.