Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни «2017−2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Дастурда сайёҳларни мунтазам қабул қилиш учун замонавий талаблар ва қўшимча қулай шароитларни ҳисобга олган ҳолда Хива ҳамда Хоразм вилояти туризм инфратузилмаларини ривожлантириш кўзда тутилган. Жумладан, республиканинг асосий сайёҳлик марказларини (Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива) боғловчи темир йўл тармоғини қуриш, Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатларидан чартер рейсларини ташкил этиш ва мунтазам авиарейслар сонини ошириш, Урганч-Хива йўналишида қулай сайёҳлик автобуслари қатновини ташкил этиш кабилар кўзда тутилган.
Сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда уларнинг ҳудудда кўпроқ вақт бўлишини таъминлашга хизмат қилувчи сайёҳлик йўналишлари ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини такомиллаштириш, бунда Амударё дарёси қирғоқбўйи зонасида янги экзотик туризм турларини жорий этиш режалаштирилган. Туристларга хизмат кўрсатиш бўйича инфратузилмаларга ёндош объектлар ҳолатини яхшилаш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгиланган.
Ички туризмни ривожлантириш учун Самарқанд-Урганч, Бухоро-Урганч ва Фарғона-Урганч ички авиарейсларини очиш масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Дастурни амалга ошириш натижасида 2017−2021 йилларда сайёҳлик хизматлар экспорти ҳажмини 2,3 баробарга (131,4 млн долларгача), сайёҳлар сонни эса 2,1 баробаргача (129,7 минг киши) ошириш режалаштирилган.
Мутасадди вазирлик, маҳкама ва муассасаларга ҳамда жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларига «Ичан қалъа» мажмуаси ичи ва атрофида комплекс равишда реставрация-тиклаш ишларини амалга оширишни кўзда тутган Хивани батафсил лойиҳалаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.