«Тошшаҳартрансхизмат» бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Мирҳосил Холматов 17 май куни ўтказган видеоселекторда компания таркибига кирувчи барча автобус саройлари раҳбарлари ҳисоботи тингланди.
«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда қатор корхоналар раҳбарлари огоҳлантирилди, 3-автобус саройи директорининг ўринбосари белгиланган вазифаларни бажармаслик ва жамоада меҳнат интизомининг пастлагани сабабли лавозимидан озод қилиш таклиф қилинди.
«Тошшаҳартрансхизмат» раисининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Моҳира Валиевани ҳам унга юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажармагани сабабли лавозимидан озод қилиш таклифи илгари сурилди.
Мирҳосил Холматов ҳар бир ходимни шаҳар йўловчи транспорти фаолиятини яхшилаш учун фидокорлик ва ҳалол ишлашга чақирди.
Ҳукумат қарори билан Германиядан харид қилинган Mercedes-Benz автобуслари учун умумий қиймати 1,95 млн евро бўлган оригинал эҳтиёт қисмлар сотиб олингани маълум қилинди. Улар узоқ муддат тўхтаб қолган транспортларнинг таъмири учун фойдаланилди. Уларнинг йўналишга қайтиши ҳаракат давомийлигини таъминлашга ёрдам беради.
Йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш мақсадида йилнинг иссиқ вақтларида ҳар бир автобусга учтадан вентилятор жойлаштириш режалаштирилмоқда.