Қаршида Абдулла Орипов номидаги ўзбек тили ва адабиёти чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш йўлга қўйилган ихтисослашган мактаб-интернат очилади. 24 май куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси шу ҳақда қарорини қабул қилди, дея хабар берди Norma.uz.

Мактаб-интернати 2017—2018 ўқув йилида 5−8-синфларга 30 нафар ўқувчи қабул қилади. 2018—2019 ўқув йилидан худди шунча нафар ўқувчи фақатгина 5-синфга қабул қилинади.

Янги таълим муассасаси эҳтиёжлари учун «Баркамол авлод» маркази биноси реконструкция қилиниб, ётоқхона ва ошхона қурилади.

Халқ таълими вазирлиги Давлат тест маркази билан ҳамкорликда мактаб-интернатига иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш учун ўзбек ва хорижий тилдан ҳамда психологик-педагогик диагностика тест синовларини ўтказади.