Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида 12 июнь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев 8−9 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Остона шаҳрига ташрифи чоғида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ва меҳмондўстлик учун Қозоғистон Президентига самимий миннатдорлик билдирди.

Қозоғистон пойтахтида ўтган ушбу саммит ШҲТ фаолиятини ривожлантиришда тарихий воқеа бўлгани алоҳида таъкидланди. Ҳиндистон ва Покистоннинг Ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзоликка қабул қилингани саммитнинг асосий натижаларидан бири сифатида қайд этилди. ШҲТ доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Президент Қозоғистон раҳбариятини «Остона ЭКСПО — 2017» халқаро кўргазмаси юксак савияда ташкил этилгани билан табриклади ва тадбир муваффақиятли ўтишини тилади. Мазкур кўргазма минтақа давлатларини янада ривожлантириш борасида юксак технологиялар ва инвестициялар жалб этишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро сиёсатга оид долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатларига хос самимий ва дўстона, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтди.