Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали жорий йилдан ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорида сўз кетади. Филиал очилиши тўғрисида давлат раҳбарининг 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридакўзда тутилган эди.

Қарор жойларда кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш ҳамда муҳандислик таълимини ривожлантириш бўйича жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда унинг сифатини оширишга йўналтирилган.

Филиал транспорт тизимлари ва йўллар, улардан фойдаланиш, кимё технологиялари, бино ва иншоотларни қуриш, озиқ-овқат технологияси, технологик машиналар ва ускуналар, енгил саноат технологиялари, шунингдек, экология ва саноат хавфсизлиги каби соҳалар учун мутахассислар тайёрлайди.

Филиал Термиз давлат университети қошидаги Термиз академик лицейи биноларига жойлаштирилади.