«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ўзининг Ўқув-машғулот маркази базасида илк бор фуқаролик авиацияси учувчиларини тайёрлашни бошлайди, деб хабар қилди МАК матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Танлов асосидаги саралашда олий техник маълумотга эга авиация соҳаси ходимларидан бўлган мутахассислар иштирок этишлари мумкин.

Машғулотларнинг умумий давомийлиги икки йилни ташкил этади. Курслар фақатгина авиацион фанларга йўналтирилиб, парвоз бўйича амалий машғулотлар ҳам тренажёрларда, ҳам реал парвоз шароитларида олиб борилади. Машғулотлар якунида учувчилар сертификатларга эга бўлади.

Ҳозирда МАК Ўқув-машғулот марказида малакали ўқитувчиларни саралаш, ўқув дарсликлари ва таълимий компьютер дастурларини харид қилиш ишлари кетмоқда. Талабалар қабули марказ тайёр бўлиши билан бошлаб юборилади.