Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги қарори билан вилоятликлар, хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаганлар учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкларни сотиш олиш шартлари белгилаб олинди, деб хабар қилди Norma.uz.
Юқорида келтириб ўтилган шахслар фақатгина қурилганига уч йил тўлмаган уйларни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, турар жойларнинг энг кам нархи ва тўловларни амалга ошириш шартлари аниқ белгиланди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискасига эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баравари миқдорида нархланган уйларни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Улар шартномада кўрсатилган сумманинг 5 фоизи миқдорида нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ҳам тўлаши лозим.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келиб, вақтинча яшаш учун рухсатнома олган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шартнома имзоланган муддатда Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича энг камида 150 минг доллар қийматдаги уйни хорижий валютани Ўзбекистоннинг ваколатли банки орқали сотишдан олинган миллий валютада харид қилиши мумкин. Улар нотариал тасдиқлаш учун шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча тўловни амалга ошириши талаб этилади.
Янги қурилган кўчмас мулкларни сотиб олиш ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида юзага келади.
Ушбу харид қилинган уйлар уч йил муддатда сотилса, савдо-сотиқ, алмаштириш ва совға қилиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ЭКОИҲнинг 400 баравари миқдорида бўлади.
Ушбу шартлар асосида турар-жой харид қилган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага туриш ҳуқуқига даъвогарлик қилиши мумкин.